Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 768 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни (ID-52845) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 июлдаги ПҚ–5185-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Унда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига (кейинги ўринларда Кодекс) ва “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунига қўшимчалар киритилиши белгиланган.
Кодекснинг 65-моддасига киритилаётган қўшимчага кўра, тупроқнинг агрокимёвий таҳлилини ўз вақтида ўтказмаслик, шу жумладан пестицидлар қолдиқлари, нитратлар ва оғир металл тузларининг радиологик-токсикологик таҳлил натижалари бўйича махсус ваколатли давлат органлари тавсияларига риоя қилмаслик натижасида қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, Кодексни 1652-модда билан тўлдириш белгиланган бўлиб, унда махсус касбий тайёргарликка эга бўлмаган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этмаган шахсларга агроном-энтомологнинг тавсияси (рецепти)сиз ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларини чекланган миқдорда сотиб олиш ёки чакана сотиш тартибини бузиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Бироқ, айтиш лозимки, бу каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини белгилашда, аввало, ушбу ҳаракатлар маълум бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда, яъни моддий қонунчиликда таъқиқланган бўлиши лозим.
Аммо, амалдаги қонунчиликда юқоридаги ҳолатлар ҳуқуқбузарлик ёки қонунбузарлик ҳолатлари сифатида белгиланмаган.
Бундан ташқари, юқоридаги нормаларда турлича талқин қилиш имкони бўлган ва тушунарсиз, шунингдек маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўла олмайдиган ҳолатлар келтирилган.
Хусусан, “махсус ваколатли давлат органлари тавсияларига риоя қилмаслик натижасида қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етказганлик” ҳолати. Бунда, аввало, давлат органлари тавсиялари ихтиёрий бўлиб, уни бажармаслик оқибатида жавобгарликка тортилиш масаласи мантиқан ва юридик жиҳатдан нотўғри.
Қолаверса, Кодекснинг 65-моддаси номланиши ва мазмунига кўра, қишлоқ хўжалиги ерларига ҳар қандай зарар етказганлик ҳолатларини тўлиқ қамраб олади. Яъни, унга юқоридаги ҳолатларни алоҳида киритиш зарурати йўқ.
Ёки, юқоридаги иккинчи нормада келтирилган “ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларини чекланган миқдорда сотиш” амалдаги қонунчиликда аниқ белгиланмаган, яъни нормадаги “чекланган миқдор” тушунчаси мавҳум.
Бу эса, ўз-ўзидан, амалдаги қонунчиликда белгиланмаган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни келтириб чиқармоқда.
2. “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунга киритилаётган қўшимчаларга кўра эса, Республика агрокимёвий таҳлил маркази, “Биосифат” республика маркази, Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати ва улар фаолиятига оид масалаларни Қонунда белгилаш назарда тутилган.
Айтиш лозимки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунинг 9-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солади.
Юқоридаги масалалар эса, мазкур Қонуннинг тартибга солиш предмети бўла олмайди.
Бу каби масалаларни Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатда келтириш мақсадга мувофиқдир.
3. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳани ушбу таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас.
09.12.2021
09:26