Савдо-саноат палатаси томонидан тақдим этилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
Жорий йилнинг 11 январь куни Олий мажлис қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Кун тартибидаги мавзулар таркибидан “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам ўрин олди.
Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Махкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси асосида киритилган мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик фаолиятида бир қатор қулайликлар яратади.
Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тадбиркорлик субъектлари билан “Очиқ мулоқот” давомида берилган топшириқлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 августдаги Ф-5689-сонли фармойиши ҳамда “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 24 августдаги ПФ-6314-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Таъкидлаш лозимки, амалдаги қонунчилик билан маҳаллий шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ҳамда бу бўйича ваколатли орган белгиланмаганлиги тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор муаммоларнинг вужудга келишига сабаб бўлаётган эди.
Хусусан, коронавирус пандемияси сабабли кўплаб тадбиркорлик субъектлари маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлашни сўраб Палатага мурожаат қилган. Лекин Палата бундай ваколатга эга бўлмагани сабабли, форс-мажор ҳолатларини тасдиқловчи сертификатлар берилмаган ва тегишли идоралар ёки хўжалик юритувчи субъектларга фақатгина хат чиқариш билан чекланилган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколатининг Палатага берилганлиги муносабати билан ушбу нормани қонунда белгилаб қўйиш таклиф этилмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасида, хусусан, Россия, Украина, Грузия, Озарбайджон, Белоруссия, Туркия, Литва ва бошқа давлатларда форс-мажор ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат (сертификат) Савдо-саноат палаталари томонидан берилади.
Ялпи мажлис давомида Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан берилган саволларга Палата вакиллари томонидан тўлиқ асослантирилган жавоблар берилди.
Таклиф этилаётган Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши:
- маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий базанинг яратилишига;
- ушбу масалалар бўйича ҳуқуқий бўшлиқларнинг бартараф этилишига;
- маҳаллий шартномалар доирасида енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари вужудга келганда, уларни тасдиқлаш орқали низоларни судгача ҳал қилиш;
- маҳаллий шартномалар доирасида енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш орқали тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилади.
ССП Матбуот хизмати
11.01.2022
16:08