Ўзбекистон Республикасининг “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги ЎРҚ-737-сон Қонуни мазмун ва моҳияти
Мазкур қонун 7-боб ва 38-моддадан иборат.
Конституциявий Қонуннинг мақсади – Ўзбекистон Республикасининг бутун худудида ёки айрим жойларида фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари ва тартибини белгилашдан иборат.
Ушбу конституциявий қонунда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
комендатлик соати – сутканинг махсус берилган рухсатномаларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз кўчаларда ҳамда бошқа жойларда ёхуд турар жойдан ташқарида бўлишга таъқиқ белгиланган вақти;
фавқулодда ҳолат – фуқароларнинг, чет эл фуқароларининг ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, шунингдек юридик шахсларнинг ҳуқуқларига нисбатан ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган айрим чекловлар белгилашга йўл қўядиган ҳамда уларнинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклайдиган, Конституцияга мувофиқ Республика ҳудудида ёки айрим жойларда вақтинча жорий қилинадиган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатьи назар, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шасхлари фаолиятининг алоҳида ҳуқуқий режими;
фавқудодда ҳолат жорий этилаётган ҳудудларнинг чегаралари – Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ёҳуд бир ёки бир неча маъмурий – ҳудудий бирликлари ёхуд уларнинг қисмини қамраб олувчи фавқулодда ҳолат режими амал қилиш доираси;
фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси – Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан фавқулодда ҳолат даврига тузиладиган вақтинчалик махсус давлат бошқарувчи органи;
ҳудуд коменданти – ҳудуд комендатураси фаолиятига раҳбарлик қилувчи ҳамда фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситаларнинг ягона бошқарувини амалга оширувчи мансабдор шахс;
ҳудуд комендатураси – фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини таъминловчи кучлар ва воситалари бошқариш учун ташкил этиладиган вақтинчалик махсус давлат бошқаруви органи.
Фавқулодда ҳолатни Президентнинг фармони билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки айрим жойларида жорий этилади. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Президент томонидан фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони 3 сутка ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатига тасдиқлаш учун киритилади.
Мазкур ҳолат жорий этилганда Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати фавқулодда ҳолат амал қилишининг бутун даври мобайнида ўз ишини давом эттиради ва тарқатиб юборилиши мумкин эмас.
Республиканинг бутун ҳудудида жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати 30 суткадан, унинг айрим жойларида эса амал қилиш муддати 60 суткадан ошиши мумкин эмас. Фавқулодда ҳолат жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши Президентнинг Фармони билан яна бир муддатга узайтирилиши мумкин.
Президентнинг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонида фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида қуйидаги фавқулодда чоралар ва вақтинчалик чекловлар жорий этилиши назарда тутилиши мумкин:
ҳудудда давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органларининг ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш;
мазкур ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида режими, мазкур ҳудудга, зарур бўлганда эса Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириши ҳамда ушбу ҳудудларда туришига нисбатан чекловлар;
жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини ва транспортнинг ҳаракатланишини таъминловчи объектларни муҳофаза қилишни кучайтириш;
фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга, шу жумладан товарларни реализация қилишга, ишларни бажаришга ва хизматлар кўрсатишга нисбатан чекловлар;
озиқ-овқатни ва энг зарур нарсаларни сотиш, сотиб олиш ҳамда тақсимлашнинг алоҳида тартиби;
йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар, шунингдек бошқа оммавий тадбирлар ўтказилишини таъқиқлаш ёки чеклаш;
транспорт воситаларининг ҳаракатиини чеклаш ва уларни кўздан кечиришни амалга ошириш;
хавфли ишлаб чиқаришлар ҳамда портловчи, радиоактив, шунингдек хавфли кимёвий ва биологик моддалардан фойдаланадиган ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туриш;
фавқулодда ҳолатлар муносабати билан моддий ва маданий қимматликларнинг йўқ қилинишига, ўғирланишига ёки шикастланишига аниқ таҳдид мавжуд бўлган тақдирда, уларни хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш, кўчмас объектларига нисбатан эса уларни муҳофаза қилишга доир тегишли чоралар кўриш.
Президентнинг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони билан қуйидаги қўшимча фавқулодда чоралар ва вақтинчалк чекловлар назарда тутилиши мумкин:
комендантлик соатини жорий этиш;
ҳудудий мудофаа тадбирларини амалга ошириш;
ОАВ фаолиятини чеклаш шартлари ва тартиби кўрсатилган ҳолда бундай фаолиятни чеклаш, шунингдек босма маҳсулотни, радиокузатувчи, овоз кучайтирувчи воситаларни, нусха купайтириш теникасини вақтинча олиб қўйиш ёки хатлаш, журналистлар аккредитациясини ўтказишнинг алоҳида тартибини белгилаш;
фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этишга монелик қилаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини тўхтатиб туриш;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий кўригини, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар текширувини, ашёларни, уй-жойни ва транспорт воситаларини кўздан кечиришни ўтказиш;
қуролни, унинг ўқ-дориларини, портловчи моддаларни, махсус воситалари ва уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситалари ва препаратлар, этил спирти, алкоголь маҳсулотлари муомалада бўлишининг алоҳида режимини белгилаш. Алоҳида ҳолларда фуқаролардан қуролни ва ўқ-дориларни, ташкилотлардан қуролни ва унинг ўқ-дориларини, махсус воситалар ва заҳарли моддаларни, шунингдек жанговар ва ўқув-жанговар ҳарбий техникани, портловчи ва радиоактив моддаларни вақтинча олиб қўйиш;
фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда яшайдиган шахсларни белгиланган тартибда ушбу ҳудуддан ташқарига ўз ҳисобидан чиқариб юбориш, уларда маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда эса ҳаражатларнинг ўрнини кейинчалик суд тартибида ушбу шахслардан ундирган ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чиқариб юбориш.
Шуннигдек, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида Президентининг фармони билан фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича махсус давлат бошқаруви органлари ташкил этилиши мумкин, улар жумласига фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси ва ҳудуд комендатураси киради.
Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
19.01.2022
09:10