Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дипломатик муносабатларга 30 йил тўлди
Жорий йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган онлайн бизнес-фрум бўлиб ўтди.
Мазкур форумда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ф.Усманов, Ўзбекистон Республикаси Инвеститсиялар ва ташқи савдо вазирлигининг Хитой Халқ Республикасидаги ваколатхонаси директори З.Ишмухаммедов, Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси савдо-иқтисодий алоқалар бўйича маслаҳатчиси Н.Мамаджанов ва бир қатор ҳамкор корхона вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида ССП раиси ўринбосари ўз нутқи билан сўзга чиқиб, бизнес форум иштирокчиларига икки мамлакат ривожи ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда қўшаётган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирди.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик жадал ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётгани, шунингдек Ўзбекистоннинг ташқи савдо операцияларида Хитой етакчи ўринларни эгаллаши таъкидланди.
Бундан ташқари, сўнгги бир неча йил ичида Хитой Мамлакатимиз иқтисодиётининг энг йирик сармоядорларидан бирига айланди. Республикада Хитой капитали иштирокидаги 1900 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда, хитойлик инвесторлар инфратузилма лойиҳаларига фаол сармоя киритмоқда.
Маълумот учун : 2017-2020 йилларда жами ўзлаштирилган Хитой сармояси 6,47 миллиард доллардан ошди, биргина 2020 йилда Хитой инвеститсиялари ва кредитларининг ўзлаштирилган умумий ҳажми 2,51 млрд. доллардан ортиқни ташкил этди.
Бизнес-форум давомида икки мамлакат мутасадди вакиллари томонидан ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
24.01.2022
18:01