ССП раиси Хитойлик инвестор билан учрашди
Жорий йилнинг 26 январь куни Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов Хитойнинг “China Huaneng Group” компаниясининг Ўрта Осиёдаги директори Ли Лиянг билан учрашди.
Маълумот учун: “China Huaneng Group” Давлат кенгашининг розилиги билан ташкил этилган асосий давлат компанияси ҳисобланади. Устав капитали 34,9 миллиард юан бўлган компания асосан қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланади: энергия манбаларини ишлаб чиқиш, сармоя киритиш, қуриш, фойдаланиш ва бошқариш; электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва сотиш; молия, кўмир, транспорт, қайта тикланувчи энергия манбалари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ корхоналар ва маҳсулотларни ривожлантириш.
Учрашув давомида Палата раиси Хитой Халқ Республикаси билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани, хусусан 24 январь куни “Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги”га бағишланган Бизнес-форум ҳам келгуси йиллардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қўйилган қадамлардан бири эканлигини таъкидлади.
“China Huaneng Group” компанияси вакили Палата раисига учрашув учун миннатдорчилик билдириб, корхона фаолияти ва Ўзбекистонда режалаштирилаётган лойиҳалари билан таништирди.
Ҳусусан, компания томонидан Ўзбекистонда энергетика тизимини ривожлантириш борасида 3 та йўналишда йирик лойиҳа шакиллантирилгани қайд этилди.
Жумладан Наманган вилоятида иссиқлик, гидро ва қуёш электростанцияларини умумийлаштирган ҳолда комплекс электрстанцияси қуриш имконияти мавжудлиги ва компания мазкур иншоатни барпо этиш учун етарли инвестиция киритишга тайёр эканлиги маълум қилинди.
Бундан ташқари “China Huaneng Group” компаниясининг энергетика соҳасига таалуқли бўлган бир қатор лойиҳаларни айнан Ўзбекистонда тадбиқ этишга ва келгуси 10 йил мобайнида энергетика тизимини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш мақсади борлиги таъкидланди.
26.01.2022
13:58