Балиқчилик етиштириш билан шуғулланадиган тадбиркорларга солиқдан имтиёзлар берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январдаги “Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-83-сон Қарори имзоланди.
Мазкур Қарор билан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманида ташкил этилган балиқчилик кластерининг аҳоли хонадонлари билан кооперация асосида ишлаш тажрибасини ҳар бир вилоятда жорий этилиши назарда тутилган.
Кооперация асосида хонадонларда балиқ етиштириш қуйидаги тартибда амалга оширилиши белгиланди:
балиқчилик хўжаликлари хонадон эгаларини балиқ етиштириш бўйича ўқитишни ташкил этади, уларга балиқ етиштириш учун зарур бўлган
асбоб-ускуналар, балиқ чавоқлари, омухта ем, минерал ўғитларни етказиб беради ҳамда улар томонидан етиштирилган балиқни келишилган нархларда сотиб олади;
хонадон эгалари ўз хонадонларида балиқчилик хўжаликлари томонидан етказиб берилган маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда интенсив усулда етиштирилган балиқларни келишилган нархларда уларга сотади.
2022 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилади.
2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.
Балиқ етиштирувчи хонадон эгалари ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида белгиланди.
2022 йил 15 январдан бошлаб “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастури доирасида тижорат банклари томонидан аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш учун ажратиладиган кредитни базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 300 бараваригача оширди.
Марказий банк тижорат банклари орқали интенсив усулда аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш лойиҳаларини молиялаштириш учун “Ҳар бир оила- тадбиркор” давлат дастури доирасида 2022 йилда 200 миллиард сўм маблағ ажратилади.
2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш ҳаражатларини қоплаш учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробаридан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади.
28.01.2022
08:51