Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида 10 та факт
Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483.14.2, Андижон 1530.26.12, Агра) миллатимизнинг энг ёрқин вакилларидан биридир.
Бобур ҳақида инглиз олими Уильям Эрскин шундай деган эди: «Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди».
Бобур Мирзо таваллуди арафасида буюк олим ва саркарда ҳақида энг муҳим 10 та фактни ёдингизга соламиз:
Бобур портрети, 1605—1615 йиллар. Ушбу сурат Лондондаги Британия музейида сақланади.
1. Бобурнинг отаси — Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси — Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди.
2. Асл исми — Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади.
3. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради (1494 йил июнь).
4. Бобур Афғонистонда «Боғи Шаҳроро», «Боғи Жаҳоноро», «Ўртабоғ», «Боғи вафо» ва «Боғи Бобур» каби оромгоҳлар ташкил этган.
5. Бобурнинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари Кобулда туғилган.
6. Бобур 1526 йил апрелда (43 ёшида) Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскари билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди. Орадан кўп ўтмай, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам зафар қозониб, Шимолий Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради.
7. Бобурнинг «Мубаййин» асари маснавий тарзида ёзилган бўлиб, Ислом ҳуқуқшунослиги ва шариат ақидаларига бағишланган.
8. "Бобурнома" воқеалари Андижон, Самарқанд, Хўжанд, Ҳиротдан бошлаб Кобул ва Аграгача бўлган қамровга эга. Унда Ўрта Осиёдан бошлаб Ҳиндистонгача бўлган масофадаги деярли 50 йиллик воқеалар ҳаққоний ифода ва баҳосини топган.
9. Бир неча муддат олдин подшоликни Ҳумоюнга топширган Бобур 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик (1539), васиятига мувофиқ хоки Кобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди.
10. Бобур асос солган бобурийлар сулоласи Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган.
14.02.2022
11:48