Коррупцияга қарши курашиш Хартияси аъзолигига қўшилган илк тадбиркорлик субъектларига аъзолик сертификатларини топшириш маросими
2022 йилнинг 17-февраль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Коррупцияга қарши курашиш Хартияси аъзолигига қўшилган тадбиркорлик субъектларига сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Савдо-саноат палатаси Раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж.Урунов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари У.Тухташева, тадбиркорлик субъектлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбир бошида Савдо-саноат палатаси Раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов сўзга чиқиб, Хартия қоидалари бизнес юритишда антикоррупцион маданиятни шакллантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий онгини ва қонунга итоаткорлигини оширишга ҳамда коррупцияга нисбатан чидамсизлик ва тоқатсизлик муҳитини яратишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Шу ўринда, бизнес учун яратилаётган кенг имкониятлар, Хартияни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад ва унга қўшилиш тартиби ҳамда коррупция хавфларининг олдини олишдаги роли ҳақида иштирокчиларга атрофлича тушунтириш берди.
Маълумот учун: Хартия - тадбиркорлик субъектининг молиявий фаолиятини бошқариш, шартнома муносабатлари, кадрларни танлаш ва ўқитиш, ички интизом ва қонунийликни мустаҳкамлаш, давлат харидлари каби муҳим йўналишларда коррупция хавфларининг олдини олишга қаратилган комплекс чораларни ўз ичига олган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг қўшма қарорига асосан қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш Хартияси аъзолигига қўшилиш ва ягона Реестрни юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларнинг Хартияга қўшилиш тўғрисидаги билдиришномаларини кўриб чиқиш бўйича Палата ҳузурида Махсус комиссия тузилган.
Махсус комиссия томонидан жорий йилнинг 1 февраль куни илк бор республика бўйича 50 нафар тадбиркорлик субъектларининг Хартияга қўшилиш бўйича билдиришномалари кўриб чиқилиб, уларга Хартияга аъзолик сертификатини топшириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Тадбир якунида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси раҳбарлари томонидан Хартия аъзолигига қабул қилинган тадбиркорлик субъектларига тантанали равишда сертификатлар топширилди.
17.02.2022
18:30