Бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 10 февралдаги “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-752-сон Қонуни имзоланди.
Ушбу қонунга кўра, қуйидаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, 15-моддасини матни қуйидаги тарзда баён этилди:
Ногиронлик пенсиялари I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга, шунингдек Чернобиль АЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга ҳам тўланади.
19-моддани учинчи қисми а-банди ва тўртинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилди:
Оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар ёши 18 ёш этиб белгиланди. (Илгари 16 ёшгача эди)
Таълим ташкилотларининг ўқувчилари ва талабалари ўқишнинг бутун даври давомида, 23 ( Илгари 18 ёш деб белгиланган эди) ёшга тўлгунига қадар боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.
Қонуннинг 37-моддаси биринчи қисмининг д-банд ва ж-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилди:
I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача бўлган, (Илгари 16 ёшгача эди) ногиронлиги бор болага, шунингдек (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт белгиланди.
Болани парваришлаш таътилининг иш стажига қўшиладиган даври 6 йил этиб белгиланди. Игари жами 3 йилдан кўп бўлмаган давр киритилган.
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддаси олтинчи хатбоши қуйидаги мазмунда тўлдирилди:
Cавдо-саноат палатасига маҳаллий хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмас кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш функцияси берилганлиги белгиланди.
Фукаролик кодексининг 465-моддаси қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди:
Автомобилларни электрон аукцион орқали ижарага берилганда шартномани нотариал тасдиқлаш талаб этилмаслиги белгиланди.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 483-модасига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
Қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан тўлашдан озод қилиш муддати 2022 йил 30 апрелгача узайтирилди:
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
- ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
23.02.2022
12:38