Бухоролик тадбиркорлар Коррупцияга қарши курашиш Хартиясига аъзо бўлишди
Ўзбекистон Республикасининг ишбилармон доиралари - мамлакатда қулай ишбилармонлик ва жозибадор инвестиция муҳитини яратиш, конунийлик, очиқлик ва ошкораликка асосланган коррупцияга қарши тамойилларни, шунингдек, давлат ҳокимияти органлари ҳамда хусусий сектор билан муносабатларда ҳам, коррупцияни аниқлаш ва олдини олиш тизимини жорий этиш мақсадида Хартия аъзолигига ихтиёрийлик асосида қўшилиб, коррупцияга нисбатан тоқатсизлик тамойилини қўллаб-қувватлаб, коррупциявий ҳаракатларни аниқлаш учун маънавий ҳамда ҳуқуқий жавобгарликни зиммаларига олган ҳолда бирлашадилар.
Хартия - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган барча хўжалик юритувчи субъектларига, шу жумладан уларнинг филиаллари, хорижий давлатлар ҳудудида ишлайдиган ваколатхоналарига нисбатан, уларнинг ҳуқуқий шакли, фаолият тури ва доираси, даромадлари ва ишчилар сонидан қатъий назар қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг қўшма қарори билан “Коррупцияга қарши курашиш Хартияси аъзолигига қўшилиш ва ягона Реестрни юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳам тасдиқланган.
Ушбу Низом тадбиркорлик субъектлари томонидан Хартияга қўшилиш, маълумотларни электрон “ягона реестр”да акс эттириш ва реестрдан чиқариш тартибини аниқ белгилаб беради.
Хартия - тадбиркорлик субъектининг молиявий фаолиятини бошқариш, шартнома муносабатлари, кадрларни танлаш ва ўқитиш, ички интизом ва қонунийликни мустаҳкамлаш, давлат харидлари каби муҳим йўналишларда коррупция хавфларининг олдини олишга қаратилган комплекс чораларни ўз ичига олади.
Бухоро вилояти ҳудудий бошқармасида ўтказилган тадбирда ҳудудий бошқарма раҳбарияти ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг иштирокида, Палата тизимида ташкил қилинган комиссиянинг қарори асосида Хартия аъзолигига қабул қилинган 13 нафар тадбиркорлик субъектларига аъзолик сертификатлари топширилди.
Хартияга аъзо бўлган тадбиркорлар қурилиш, ишлаб чиқариш, чакана ва улгуржи савдо ҳамда транспорт хизмати йўналишларида ўз фаолиятларини олиб борадилар.
11.03.2022
14:21