«Made in Uzbekistan» халқаро саноат маҳсулотлари кўргазмаси давом этмоқда
Аввал хабар берганимиздек жорий йилнинг 15-16 март кунлари Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида янги ташкил этилган "Тадбиркорлар ва ҳунармандлар боғи"да «Made in Uzbekistan» халқаро саноат маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Мазкур кўргазмада Республикамизнинг барча вилоятларидан тадбиркорлар ва ҳунармандлар иштирок этмоқда.Шу билан бир қаторда тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи И.Жасимов ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Президиуми раиси А.Икрамов ҳамда бошқа мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этишди.
Маълумот учун: «Made in Uzbekistan» ҳалқаро саноат маҳсулотлари кўргазмасининг асосий мақсади бу Ўзбекистон корхоналарининг экспортга йўналтирилган маҳсулотлар сифатини намойиш этиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, хорижий ҳамкорлар билан барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш
Шунингдек, кўргазмада миллий иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳияти тақдимотлари, яъни республика иқтисодиётига қўшимча инвестицияларни жалб этиш ва янги бозорларни излаш мақсадида ташқи бозорларда юқори рақобатбардошликка эга бўлган, экспортга йўналтирилган, юқори сифатли маҳаллий маҳсулотларнинг кенг турлари намойиш этилди, қолаверса тайёр тўқимачилик маҳсулотлари дефилеси, ҳунармандчилик маҳсулотлар кўргазмаси ўрин олди.
Тадбирнинг биринчи кунида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, “Ўзэлтехсаноат, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан бир қатор мавзуларда тақдимотлар ўтказилди.
Кўргазма экспозициясидан тоғ-кон саноати, нефть-газ, кимё, тўқимачилик, чарм-поябзал, қурилиш ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, банк-молия хизматлари, туризм ва халқ амалий санъати йўналиш ўрин олган бўлиб, тадбирнинг биринчи кунида 600 дан ортиқ ташриф буюрувчилар билан мулоқотлар ва музокаралар ўтказилди. Шунингдек халқаро саноат кўргазмаси доирасида тадбиркорлар билан мулоқот ташкил этилиб, унда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев, Савдо-саноат палатаси раиси в.в.б И.Жасимов ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов кўргазманинг аҳамияти ва кутилаётган натижалар юзасидан ўз фикрларини билдиришди.
Халқаро саноат кўргазмасининг иккинчи кунида Тожикистон Республикаси Суғд вилояти Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш хамда ҳамкорликни йулга қўйиш мақсадида қўшма меморандум имзоланди.
Шунингдек кун давомида Sirdaryo Mega Lyuks” МЧЖ корхонасининг SPAND BOND нотўқима мато ишлаб чиқариш фаолияти билан танишиш, “Ҳунармандлар” уюшмасининг ҳунарманд ва саноат йўналишидаги ҳамда Инновация бошқармасининг “Инновацион ғоядан лойиҳагача” мавзусидаги тақдимотлари ўтказилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга кун давомида ярмаркада намойиш этиладиган маҳсулотлар, шу жумладан, тармоқ корхоналарининг ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш музокараларини олиб бориш (В2В), буюртма портфелларини шакллантириш ишлари давом эттирилади.
16.03.2022
13:56