«Made in Uzbekistan» халқаро саноат маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Аввал хабар берганимиздек жорий йилнинг 15-16 март кунлари Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида янги ташкил этилган "Тадбиркорлар ва ҳунармандлар боғи"да «Made in Uzbekistan» халқаро саноат маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Мазкур кўргазмада Республикамизнинг барча вилоятларидан тадбиркорлар ва ҳунармандлар ўз махсулотлари билан иштирок этишди.
Маълумот учун: «Made in Uzbekistan» ҳалқаро саноат маҳсулотлари кўргазмасининг асосий мақсади бу Ўзбекистон корхоналарининг экспортга йўналтирилган маҳсулотлар сифатини намойиш этиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, хорижий ҳамкорлар билан барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Шунингдек, кўргазмада миллий иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳияти тақдимотлари, яъни республика иқтисодиётига қўшимча инвестицияларни жалб этиш ва янги бозорларни излаш мақсадида ташқи бозорларда юқори рақобатбардошликка эга бўлган, экспортга йўналтирилган, юқори сифатли маҳаллий маҳсулотларнинг кенг турлари намойиш этилди, қолаверса тайёр тўқимачилик маҳсулотлари дефилеси, ҳунармандчилик маҳсулотлар кўргазмаси ўрин олди.
Халқаро саноат кўргазмасининг иккинчи кунида Тожикистон Республикаси Суғд вилояти Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш хамда ҳамкорликни йулга қўйиш мақсадида қўшма меморандум имзоланди.
Саноат маҳсулотлари миллий брендлари кўргазмасида фаол иштирок этганлиги учун республикамиз ҳудудлари турли номинациялар ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Жумладан:
Тошкент шаҳри — “Энг яхши саноатчилар ҳудуди”;
Самарқанд вилояти — “Саноат маҳсулотлари экспорти бўйича энг яхши ҳудуд”;
Андижон вилояти — “Энг кўп инвестиция жалб қилганлиги учун”;
Навоий вилояти — “Оғир саноатда мувафаққиятга эришган ҳудуд”;
Тошкент вилояти — “Кўргазмада энг фаол иштирок этган ҳудуд”;
Жиззах вилояти — “Саноат соҳасида бренд яратган ҳудуд”;
Бухоро вилояти — “Энг яхши саноат кластерлари ҳудуди”;
Қашқадарё вилояти — “Саноат соҳасида энг кўп иш ўрни яратган ҳудуд”;
Наманган вилояти — “Енгил саноатда мувафаққиятга эришган ҳудуд”;
Фарғона вилояти — ”Ёшлар саноат ҳудудларини ривожлантирганлиги учун”;
Қорақалпоғистон Республикаси — “Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун”;
Хоразм вилояти — “Туризм соҳаси ривожига кўшган ҳиссаси учун”;
Сурхондарё вилояти — “Оилавий тадбиркорликнинг ривожланишида намуна кўрсатган ҳудуд”;
Сирдарё вилояти — “Энг яхши инновацион тадбиркорлик ҳудуди” ҳамда ”Энг яхши кўргазма намойиши учун” номинацияларига лойиқ кўрилди.
17.03.2022
10:57