Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 176 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада асаларичилик тармоғини жадал ривожлантириш ва асаларичилик фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (ID-58173) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1.Лойиҳа 1-банди тўртинчи хатбошига кўра, “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси аъзоларига ҳар йили асалари қишлови даврида (октябрь-апрель) озуқа сотиб олиш учун ҳар бир асалари оиласига базавий ҳисоблашнинг 30 фоизи миқдорида давлат бюджетидан субсидия ажратиш”, белгиланган.
Бунда, фақатгина “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси аъзоларига давлат бюджетидан субсидия ажратиш шаклидаги преференцияларни бериш назарда тутилган.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3756-сонли Қарори 2-банди иккинчи хатбошига кўра, “солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (кейинги ўринларда имтиёзлар деб юритилади) қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилади, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарур”, - деб белгиланган.
Шу боис, лойиҳада назарда тутилган субсидияни соҳадаги барча тадбиркорлик субъектларига ажратишни назарда тутиш лозим.
2.Лойиҳа 7-банди тўртинчи хатбошига кўра, асаларичилик хўжаликлари билан фермер ва деҳқон хўжаликлари ўртасида тузиладиган шартноманинг намунавий шаклини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 сентябрдаги
“Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6313-сонли Фармони 4-бандига кўра, намунавий шартномаларни қонуности ҳужжатлар билан тасдиқлаш амалиёти бекор қилинган.
Бундан ташқари, бундай мажбурий талабни жорий этиш амалдаги қонунчиликда белгиланган шартномаларни тузиш эркинлиги принципига мутлақо зиддир.
Шу сабабли, лойиҳа 7-бандидан тўртинчи хатбошини чиқариб ташлаш лозим.
18.03.2022
11:32