Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
2022-йилнинг 23-март куни Тошкент шаҳридаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Президиуми раиси, Ишбилармонлар кенгашининг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси А.Икрамов, “АCWА Power” компанияси раиси, Ишбилармонлар кенгашининг Саудия томонидан ҳамраиси М.А.Абунайян ва бошқа мутасадди ташкилот ва идоралар масъуллари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили сифатида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Президиуми раиси, Ишбилармонлар кенгашининг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси А.Икрамов кириш сўзи билан очди. У ўз нутқида мамлакатларимиз ўртасидаги фаол ҳамкорлик туфайли Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги қўшма ҳамкорлик жадал суръатларда ошиб бораётганини таъкидлади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгаши, ўз навбатида, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида яқин, тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш, савдо-иқтисодий, нновацион, илмий-техникавий ҳамда сармоявий ҳамкорлик алоқаларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қаратилган кўплаб қўшма тадбирларни ўтказиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
Сўнгра “ACWA Power” компанияси раиси, Саудия томони ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси М.А.Абунайян сўзга чиқиб, кейинги йилларда Ўзбекистон учун устувор йўналишларда иқтисодий шерикликни изчил кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ўзбекистонда Саудия Арабистони инвесторлари учун яратилган имкониятлар, ўз навбатида, Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.
Бугунги Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгашида икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Айни пайтда икки давлат тадбиркорлари ўртасида қисқа муддатда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тадбир давомида тегишли ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг сармоявий салоҳияти, турли соҳалардаги ҳамкорлик учун мавжуд имкониятлари билан таништирди.
Учрашув давомида очиқ мулоқотлар ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорликнинг кейинги истиқболлари муҳокама қилиниб, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестицион лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Маълумот учун: 2021-йилда товар айирбошлаш ҳажми : 17,1 млн. долларни, экспорт 4,7млн. долларни, импорт 12,4 млн. долларни ташкил этди.
24.03.2022
12:07