Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 192 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини ичимлик ва оқова сув билан таъминлаш даражасини кескин ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони (ID-58202) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1.Лойиҳа 3-банди учинчи хатбошига кўра, “ичимлик ва оқова сув таъминоти соҳаси учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан махсус техникаларни сотиб олишда Ягона етказиб берувчилар реестри ва маҳаллий харид платформалари орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади”, - деб белгиланган.
Бироқ, бу каби истисно ҳолатларини белгилаш амалиётда давлат харидлари тартиб-таомилларининг ҳуқуқий аҳамияти ва регулятив кучини пасайтириб, ҳар қандай суиистеъмолчиликларга йўл очиб беради.
Қолаверса, ушбу норма “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг
71-моддасига зиддир.
Шу сабабли, лойиҳадан бу истиснони назарда тутувчи нормани чиқариб ташлаш лозим.
2.Лойиҳа 3-банди еттинчи хатбошига кўра, “сув таъминоти корхоналарининг Савдо-саноат палатасига аъзолик бадали миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган ҳолда белгиланади”.
Қайд этиш жоизки, “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунга кўра, Палата аъзолари Палата уставида белгиланадиган тартибда ҳамда миқдорларда кириш ва аъзолик бадаллари тўлайди.
Шу билан бирга, Савдо-саноат палатаси нодавлат-нотижорат ташкилот бўлиб, ўз фаолиятини аъзоларнинг аъзолик бадаллари ҳисобига молиялаштиради.
Шунингдек, ушбу Қонунга кўра, нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида Палата ўз фаолиятида давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир.
Юқоридаги норма эса мазкур Қонун талабларига зид келмоқда.
Шу боис, лойиҳа 3-бандидан еттинчи хатбошини чиқариб ташлаш лозим.
3.Лойиҳа 4-банди “г” кичик бандига кўра, “2022 йил 1 августдан бошлаб юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши талаб этилади”, - деб белгиланган.
Бироқ, бунда масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши кимнинг ҳисобидан амалга оширилиши лойиҳада назарда тутилмаган.
Бу билан лойиҳада тадбиркорлик фаолияти эркинлиги принципига зид равишда уларга маблағ билан боғлиқ мажбурият юкланмоқда.
Бу эса, амалиётда ушбу нормани турлича талқин қилиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ортиқча мажбурият ва молиявий харажатлар юклаш, уларга мажбурий кўрсатмалар беришни келтириб чиқариши мумкин.
Ваҳолангки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасига кўра, “Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас”лиги белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши тадбиркорлик субъектларининг маблағи ҳисобидан фақат ихтиёрий бўлиши лозимлигини эътиборга олиш зарур.
4.Лойиҳа 7-банди тўртинчи хатбошига кўра, “ташаббускор гуруҳларнинг таклифлари асосида нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини (кейинги ўринларида – нодавлат нотижорат ташкилотлари) танлов (тендер) савдолари ўтказмасдан тўғридан-тўғри белгилаш амалиётини йўлга қўйиш” белгиланган.
Бироқ, бундай талабларнинг белгиланиши нотўғри кўринади. Чунки, бу каби истисно ҳолатларини белгилаш суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларига шароит яратади.
Шу боис, бу каби тартиб-таомиллар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 7-бандидан тўртинчи хатбошини чиқариб ташлаш зарур.
5.Лойиҳа 7-банди “в” кичик бандига кўра, “нодавлат-нотижорат ташкилотлари томонидан бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотларини тўғридан-тўғри белгилаш” назарда тутилган.
Мазкур норма ҳам “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг
71-моддасига зидлиги ҳамда ушбу Хулоса 1-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 7-бандидан “в” кичик бандни чиқариб ташлаш лозим.
6.Лойиҳа 7-банди “ж” кичик бандига кўра, “давлат ижтимоий буюртмаси доирасидаги объектларни қуриш ишларини амалга ошириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда зарур қурилиш материаллари ва жиҳозларни нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда маҳалла фаоллари тавсияларига биноан белгилаш назарда тутилсин”, - деб белгиланган.
Бироқ, шуни инобатга олиш лозимки, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда маҳалла фаоллари соҳа мутахассислари бўлмасликлари мумкин.
Юқоридаги нормани белгилаш эса, махсус соҳага умуман алоқаси ҳамда ваколати бўлмаган субъектлар томонидан фаолиятга аралашиш ҳолатларига олиб келиши мумкин.
Қолаверса, ушбу норма билан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда қонунчиликда белгиланмаган янги тартибни жорий этиш белгиланган. Бу янги тартибни киритиш зарурати эса, лойиҳа ижрочиси томонидан етарлича асослантириб берилмаган, яъни уни жорий этишга сабаб бўлган салбий ҳолатлар келтирилмаган.
Хусусан, бундай ўзгартиришларга зарурият ҳамда амалдаги тартиб натижасида вужудга келаётган муаммолар таҳлили, шунингдек хорижий тажриба келтирилмаган.
Бунда, бу каби ўзгартиришларни чуқур таҳлил қилмасдан амалга ошириш амалиётда кутилган натижаларни бермасдан, аксинча салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа билан мазкур тартибни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини қайта кўриб чиқиш лозим.
7.Лойиҳа 9-банди иккинчи хатбошига кўра, “ичимлик ва оқова сув хизматларини ҳисобга олиш бўйича ишга туширилган янги биллинг тизимини тўғридан-тўғри шартнома асосида доимий эксплуатация қилинишини таъминлаб борсин”, - деб белгиланган.
Мазкур Хулоса 1-бандида келтирилган асосларни инобатга олган ҳолда, ушбу нормани чиқариб ташлаш зарур.
8.Лойиҳа 15-банди учинчи хатбошига кўра, “қонунчилик ҳужжатларига сув ҳисоблагичи мавжуд бўлмаган, шу жумладан, кўча колонкасидан сув ташиб ичувчи истеъмолчиларга ичимлик сув хизматлари учун тўловлар белгиланган тарифларга амалда қўлланилаётган орттирилувчи коэффициентни янада оширишни ҳамда юридик шахс бўлган истеъмолчиларнинг ичимлик ва оқова сув хизматлари юзасидан дебитор қарздорлиги бўйича ҳисобварақдан қарздорлик суммасини акцептсиз тўлов талабномаси асосида ундиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш таъминланади”, - деб белгиланган.
Аввало, мазкур норманинг киритилиши лойиҳа ижрочиси томонидан асослантирилмаган. Ушбу механизмни жорий этиш зарурати, унга олиб келган салбий ҳолатлар таҳлил қилинмаган.
Қолаверса, орттирилувчи коэффициентни янада ошириш тадбиркорлик субъектларига ортиқча молиявий юкни келтириб чиқаради.
Шунингдек, ҳисобварақдан қарздорлик суммасини акцептсиз тўлов талабномаси асосида ундириш эса, амалиётда салбий ҳолатларни, қарздорлик суммасини ҳисобварақдан асоссиз равишда ундирилишига олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, бундай янги қоидаларни жорий этиш мақсадга мувофиқ эмас.
9.Лойиҳа 13-иловаси 5-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармонининг 2-иловасига асосан тасдиқланган текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатининг 171-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этиш белгиланган:
171 |
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ваколатига киридиган масалаларга доир текширувлар |
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси |
3 кундан ошмаган ҳолда |
Бироқ, амалдаги таҳрирда текширувлар ва назорат функциялари, уларнинг доираси аниқ белгиланган. Шунингдек, теширув муддати 1 кун этиб белгиланган.
Мазкур ўзгартиришларни киритиш зарурати асослантирилмаган ҳамда унга сабаб бўлган салбий ҳолатлар келтирилмаган.
- маъмурий босим ва асоссиз бюрократик тўсиқларнинг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу боис, юқоридаги нормани амалдаги таҳрирда ўзгартиришсиз қолдириш лозим.
25.03.2022
16:17