Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида GSP+ доирасида Европа Иттифоқи делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
2022 йил 28 март куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Европа Иттифоқи Бош преференциялар тизими (GSP+) доирасида халқаро конвенцияларни бажарилиши юзасидан мониторинг қилиш бўйича ташриф буюрган Европа Иттифоқи делегацияси билан музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан хорижий делегация вакилларини атрофлича таништириб, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишончли шерикчилик ҳамда узоқ муддатли дўстона муносабатларни ривожлантиришга қаратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Учрашувда Европа Иттифоқи делегацияси эътиборига республикамизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасидаги сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, бизнесни юритишда, айниқса, ташқи савдо соҳасида мавжуд тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш бўйича кўрилган самарали чоралар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, бугунги Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланишида мамлакатимизни жаҳон иқтисодий ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиши, бунинг учун хорижий давлатлар билан ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорлик алоқаларини жадал ривожлантириш давлатимизнинг ташқи иқтисодий сиёсатидаги устувор вазифалардан бири эканлиги қайд этиб ўтилди.
Шу ўринда Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон бозорига интеграциялашуви жараёнида экспорт бозорларини диверсификация қилиш, бунда Европа Иттифоқи давлатларига миллий маҳсулотларни айнан Бош преференциялар тизими (GSP+) доирасида экспортга етказиб беришнинг муҳим аҳамиятга эга эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Маълумот учун. 2021 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи давлатлари билан ташқи савдо айланмаси ҳажми 3855 млн.долларни ташкил этиб, шундан экспорт ҳажми 539,8 млн.доллар ва импорт ҳажми эса 3315 млн.долларга етган.
Учрашув давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан республикамизнинг Европа Иттифоқи Бош преференциялар тизимига (GSP+) қўшилиши муносабати билан 2021 йил давомида маҳаллий экспортерлар учун миллий маҳсулотларни бож тўловларисиз ёки пасайтирилган бож ставкалари қўлланган ҳолда Европага экспорт қилиш имкониятлари тўғрисида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, ЕИ давлатлари бизнес ҳамжамияти билан Ўзбекистон ишбилармонлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида ўзаро делегациялар ташрифларини фаоллаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилаёганлиги ҳамда Ўзбекистон маҳсулотлари учун Европада харидорларга эга бўлишлари бўйича мазкур бозорга киришга қаратилган маркетинг ва миллий товарларни тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган сайъ-ҳаракатларни олиб борилаётганлиги тўғрисида маълумот берилди.
Европа делегацияси аъзоси Н.Заимис Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик изчиллик билан ривожланиб бораётганлигини, келгусида ҳам Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан Бош преференциялар тизими (GSP+) доирасида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлигини маълум қилди.
Шу билан бирга Н.Заимис Европа Иттифоқи сўнгги йилларда Ўзбекистонда жадал суръатларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини ҳамда ислоҳотлар аввало, мамлакатнинг барқарор ривожланишига қаратилиши муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Учрашув якунида Томонлар келгусида ҳам Европа Иттифоқи Бош преференциялар тизими доирасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантиришда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
28.03.2022
17:15