Ер участкалардан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш прокуратура органлари томонидан назоратга олинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-138-сон Қарори имзоланди.
Ердан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида назоратни янада кучайтириш мақсадида прокуратура органлари зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
ер участкаларни ажратиш, янги ерларни ўзлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги муомаласига киритиш билан боғлиқ республика ва маҳаллий дастурларда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши юзасидан мунтазам назорат ўрнатиш;
ер участкаларини ажратишда Ер кодексида белгиланган талабларга риоя қилинишини таъминлаш юзасидан доимий назоратни амалга ошириш;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйҳатдан ўтказишнинг ягона электрон “E-qaror” тизимини доимий равишда мониторинг қилиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган қарорларга нисбатан таъсир чораларини кўриб бориш;
ерни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминлаши устидан қатьий прокурор назоратини ўрнатиш;
ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши аҳволини мунтазам ўрганиб бориш ва бу соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантириш;
илғор хорижий тажриба асосида ердан оқилона фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағлари, шунингдек соҳага йўналтирилаётган тегишли бюджетдан ташқари маблағлар, халқаро молия институтлари ва хорижий хукумат молия ташкилотлари маблағлари мақсадли сарфланишини ўрганиб бориш.
Қўшимча вазифалар ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Бош прокуратура таркибида 8 штат бирлигидан иборат бўлган Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси ҳамда Қорақолпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратурасида эса умумий сони 56 штат бирлигидан иборат бўлган Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўлимлари ташкил этилади.
Ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 мартдан бошлаб қуйидаги тартиб ўрнатилади:
- аҳоли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича Бош прокуратуранинг 1007 қисқа рақам ва Кадастр агентлигига юборилган 1097 қисқа рақами фотосурат ва видеоёзувлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади:
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиларига ўз ҳудудида қурилиши бошланган ҳар қандай бино ёки иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, қурилиш ва кадастр органларига сўров юбориш ҳуқуқи берилади, бунда:
мазкур сўровлар 5 иш кунида мажбурий тартибда кўриб чиқилиб, қурилиши бошланган бино ва иншоотларга рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот тақдим этилади;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сўровлар асосида олинган маълумотларни ўз биносида барча фуқаролар учун кўринарли бўлган жойда жойлаштиради ҳамда аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича маълумотларни 1 кунлик муддатда ер соҳасида назоратни амалга оширувчи органларга тақдим этади.
Ерга оид ҳуқуқбузарликларнинг мониторингини юритиш “E-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Мазкур тизимда ер билан боғлиқ содир этилган жиноятлар бўйича маълумотлар харитаси киритилади.
«Ўзбеккосмос» агентлиги Кадастр агентлиги билан биргаликда
2022 йил якунига қадар синов тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Қибрай ва Тошкент туманларида ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини ҳамда ноқонуний бино ва иншоотларни космик суратларни қайта ишлаш орқали аниқлаш чоралари топширилди.
Ер участкаларни бериш ҳақидаги қарорларни қуйидаги график асосида хатловдан ўтказилади:
2022 йил 1 майга қадар - 2016-2021 йилларда қабул қилинган қарорлар;
2022 йил 1 августга қадар - 2006-2015 йилларда қабул қилинган қарорлар;
2023 йил 1 январга қадар - 2006 йилгача қабул қилинган қарорлар.
Мазкур Қарорга мувофиқ, ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш юзасидан тезкор-қидирув фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти таркибида Ер ресурслари талон-тарож қилинишига қарши курашиш бўлими, ҳудудий тезкор-қидирув хизматларида эса Ер ресурслари талон-тарож қилинишига қарши курашиш бўлинмалари ташкил этилади
29.03.2022
17:03