Тадбиркорнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига унинг аъзоси “BATIST” МЧЖ мурожаат қилиб, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраган.
Палата аъзосининг мурожаати ўрганиб чиқилганда Тошкент шахар, Юнусобод туман ҳокимлигининг 01.04.2011 йилдаги 262-сонли қарори билан “BATIST” МЧЖга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган савдо дўкони бузилган.
Бахоловчи ташкилотнинг хулосасига кўра, савдо-дўкони бузилиши оқибатида тадбиркорга 650 303 213 сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган. Тадбиркор томонидан етказилган зарарни қоплаб бериш бўйича шаҳар ҳокимлигига қилинган мурожаатлар натижа бермаган.
Савдо дўконлари бузилиш оқибатида етказилган зарарни ундириш юзасидан Савдо-саноат палатаси томонидан Палата аъзоси манфаатида Тошкент шаҳар ҳокимлигига нисбатан судга даъво аризаси киритилган.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан Палата томонидан киритилган даъво ариза талаблари тўлиқ қаноатлантирилиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасига Палата аъзосига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбурияти юклатилган ва, шу орқали, яна бир Палата аъзосининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
01.04.2022
14:59