Палата норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун улар юзасидан хулосалар берувчи ваколатли органдир.
Палата норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун улар юзасидан хулосалар берувчи ваколатли органдир.
Бу борада тизимли равишда ишлар олиб борилмоқда ва тадбиркорлар манфаати ҳамда бизнес муҳитга путур етказиши мумкин бўлган қоидаларнинг қабул қилинишига қаршилик билдирилмоқда.
Палата томонидан биргина 2022 йилнинг ўтган уч ойи давомида:
- жами 221 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилди.
- 141 та лойиҳалар бўйича салбий хулосалар берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Очиқ электрон танлов асосида ажратилган ерларда амалга ошириладиган лойиҳаларни комплекс мониторинг қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори (ID-54953) лойиҳаси юзасидан мазкур лойиҳада назарда тутилган очиқ электрон танлов асосида ажратилган ерларда амалга ошириладиган лойиҳаларни комплекс мониторинг қилиш, мониторинг натижалари асосида маъмурий жазо чораларини қўллаш, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ижарачи билан ер ижараси шартномасини бекор қилиш бўйича судга талабнома киритиш каби нормалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сонли Фармони ҳамда Ер кодекси талабларига зидлиги боис лойиҳани ушбу таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги Хулоса берилди.
Ёки, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергия ресурсларидан янада самарали ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (ID-46776) лойиҳаси юзасидан лойиҳадаги қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иссиқхона хўжаликларини табиий газдан бошқа муқобил ёқилғи турларга ўтказиш таклифи табиий газ етказиб беришдаги муаммоларга ечим бўла олмаслиги, аксинча ишбилармонлик муҳитининг кескин ёмонлашишига сабаб бўлиши, шунингдек, ҳозирги кунда, аҳоли сони ошиб бораётган бир вақтда бу каби норманинг белгиланиши аҳолини иш билан таъминлашда ҳам бир қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги, лойиҳа билан тадбиркорлик субъектларга ортиқча асоссиз маъмурий юк ва қўшимча молиявий харажат юклатилаётганлиги, бу билан муаммога фақат бир томонлама ечим топишга ҳаракат қилинганлиги, бунда мазкур тартиб оқибатида келиб чиқадиган бошқа муаммолар таҳлил қилинмаганлиги, бундан ташқари лойиҳада мазмунан янги рухсат бериш тартиб-таомилини жорий этиш назарда тутилганлиги, бу эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон Фармони ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун талабларига зидлиги, шу билан бирга, бу каби тартиб-таомиллар тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни мураккаблаштириб, бизнес юритишда бюрократик тўсиқларнинг вужудга келишига ҳамда ишбилармонлик муҳитининг ёмонлашишига сабаб бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги салбий Хулоса тақдим этилган.
Энг муҳими – Палатанинг бу борадаги фаолиятида тадбиркорларимиз бевосита иштирок этишмоқда.
Шу мақсадда Палатада 8 та эксперт кенгашлари ташкил этилиб, улардаги аъзоларнинг 40 фоизини тадбиркорлар ташкил этади.
Экспертлар кенгашлари йиғилишида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳамда тадбиркорлар кўтарадиган масалалар муҳокама этилмоқда.
Бу борадаги фаолиятимиз давом этмоқда.
04.04.2022
15:57