Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш масалалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 31 март куни макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ушбу йиғилишда тегишли вазирлик, идоралар, тармо бирлашмаларига Европа, Хитой, Хиндистон, Туркия, Корея, Япония каби давлатлардаги ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш ва эркин иқтисодий зоналарга улгуржи савдо компаниялари фаолияти учун катта имкониятлар яратиш ва уларга имтиёзлар бериш бўйича амалий ишларни амалга ошириш масалалари бўйича топшириқлар берилди.
Ушбу топшириқларни ўз вақтида ва самарали бажариш мақсадида жорий йилнинг 2 апрель куни Савдо-саноат палатаси раиси Д.Вахабов бошчилигида Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарлари иштирокида муҳокама ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Корея, Латвия, Польша, Туркия, Франция, Хитой, Япония ва Ҳиндистон давлатларидаги элчихоналарнинг Савдо-иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатчилари ва масъул ходимлари, шунингдек, тармоқ йўналишлари бўйича “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзчармсаноат”, “Ўзсаноатқурилиш материаллари” уюшмалари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг раҳбар ходимлари ҳам иштирок этдилар.
Муҳокамада дунёдаги геоиқтисодий вазиятнинг мураккаблашуви ва турли минтақа бозорларидаги нобарқарор вазиятнинг тобора кескинлашуви туфайли товарлар оқимидаги узулишлар, товар бозорларидаги нарх-навонинг кескин ошиши, бунда турли тармоқлар бўйича глобал ишлаб чиқариш ва сотиш занжирларининг узилаётганлиги юз бераётганлигини ҳамда бу ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисдиётига ҳам таъсири кўриб чиқилди.
Тадбирда мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, жаҳоннинг турли минтақаларида глобал ишлаб чиқариш ва сотиш занжирларига Ўзбекистон маҳсулотларини қўшиш имкониятларини атрофлича таҳлил қилиган ҳолда республикамизнинг стратегик тармоқлари учун экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни кўриш, фаол экспорт сиёсатини юритиш ҳамда маҳаллий экспортерларнинг ташқи бозорлардаги хавф-хатарлардан талофат кўриш эҳтимоли мавжуд бўлган йўналишларда уларнинг экспорт фаолиятини янада ошириш бўйича амалий кўмак бериш масалалари муҳокама этилди.
Йиғилишда саноат тармоқлари бўйича мавжуд вазиятга баҳо берилиб, уларни барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ҳамда бу борадаги мавжуд муаммоларн ечимлари ишлаб чиқилди. Тадбир якунида барча мутасадди ташкилотлар томонидан турли тармоқларни қўллаб-қувватлаш бўйича биргаликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
04.04.2022
18:23