Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 275 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (ID-59318) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
Лойиҳанинг 1-бандига кўра:
“Қуйидагилар:
Халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахсларга (кейинги ўринларда – юридик шахслар) “экспресс-ташувчи” мақомини бериш ҳамда уларнинг реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин;
2022 йил 1 июлдан бошлаб халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фақатгина Давлат божхона қўмитаси реестрига киритилган ва “экспресс-ташувчи” мақомини олган юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгилансин;
юридик шахслар реестрга киритилган кундан эътиборан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда курьерлик жўнатмалари бўйича божхона операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи берилсин;
ушбу қарор кучга киргандан сўнг “экспресс ташувчи” мақомини олмаган ва реестрга киритилмаган юридик шахслар томонидан олиб келинган халқаро курьерлик жўнатмаларидаги барча товарлар бўйича божхона тўловларини тўлаш мажбурияти (жисмоний шахслар номига божхона тўловларига тортилмайдиган товарларнинг чегараланган нормаларини қўлламаган ҳолда) мазкур юридик шахслар зиммасига юклансин”.
Шунингдек, лойиҳанинг иловаси билан “Халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахсларга “экспресс-ташувчи” мақомини бериш ҳамда уларнинг реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги” Низом тасдиқланиши белгиланмоқда.
Яъни, лойиҳада республикада 2022 йил 1 июлдан бошлаб халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фақатгина Давлат божхона қўмитаси реестрига киритилган ва “экспресс-ташувчи” мақомини олган юридик шахслар томонидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Бунда, “экспресс ташувчи” мақомини олмаган ва реестрга киритилмаган юридик шахслар, курьерлик жўнатмалари бўйича божхона операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи эга бўлмайдилар.
Таъкидлаш лозимки,бу билан, халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятини амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларигаиккита алоҳида мажбурий талаб қўйилмоқда, бу “экспресс ташувчи” мақомини олиш ва реестрга кириш.
Бундай тартиб, халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ амалдаги талабларни жиддий тарзда мураккаблаштирмоқда, яъни маъмурий чекловлар жорий этилмоқда ҳамда молиявий мажбуриятларни юзага келтирмоқда.
Ваҳоланки, Божхона кодексининг халқаро курьерлик жўнатмаларини юборишга тегишли бўлган 165, 166, 167, 168, 169 – моддаларида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 декабрдаги 767-сон Қарори билан тасдиқланган “Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда юридик шахсларга халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятини амалга ошиш учун “экспресс ташувчи” мақомини олиш ва реестрга кириш талаби қўйилмаган.
Қолаверса, халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятини амалга ошириш учун “экспресс ташувчи” мақоминиолиш ва реестрни шакллантириш талаби мазмунан янги рухсат бериш тартиб-таомилларини жорий этишни назарда тутади.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон Фармони 5-бандига мувофиқ, амалга оширилиши учун лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ва ваколатли органни хабардор қилиш талаб этиладиган фаолият турлари рўйхатлари қонун билан тасдиқланади.
Лойиҳа муаллифи, тушунтириш хатида мазкур турдаги талабларни жорий этиш заруриятини бугунги кунда қонунчилик ҳужжатларида ташкилотлар томонидан жисмоний шахслар номига олиб келинган халқаро курьерлик жўнатмаларини ҳақиқатда ушбу жисмоний шахс номига етказиб берилаётганлигини аниқлаш ва курьерлик ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи аниқ механизмларнинг мавжуд эмаслиги билан асослантирган.
Бироқ, бугунги кунда республикада амал қилаётган халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш тўғрисидаги қонунчилик ўрганилганда, юқорида кўрсатилган муносабатлар ва заруриятлар президент ва ҳукумат қарорлари билан тартибга солинган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3873-сон Қарори билан тасдиқланган “Почта алоқаси оператори ва провайдерлари томонидан халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар тўғрисида олдиндан электрон тарзда хабар беришда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар Рўйхати”да халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар қабул қилувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, қабул қилувчининг манзили, қабул қилувчининг паспорт серияси ва рақами ёки солиқ тўловчининг идентификация рақами, почта алоқаси оператори ёки провайдерининг номи, жўнатувчи давлат, жўнатманинг тавсифи, жўнатманинг қиймати бўлиши белгиланган.
Бундан кўриниб турибдики, амалдаги қонунчиликда халқаро курьерлик жўнатмаларини ушбу жисмоний шахс номига етказиб берилаётганлигини аниқлаш тартиби мавжуд.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда халқаро курьерлик ва почта хизматини кўрсатувчи 100 га яқин маҳаллий ва хорижий тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб борадилар.
Бунда, халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятини амалга ошириш учун “экспресс ташувчи” мақомини олиш ва реестрга кириш талаби мазкур соҳадаги тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бюрократик тўсиқлар ҳамда ортиқча молиявий харажатларни келтириб чиқариши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чекланишига йўл қўймаслик мақсадида, лойиҳани мазкур таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас ҳисобланади.
27.04.2022
11:30