Масъул ходимлар томонидан мурожаатлар маҳаллабай ишлаш жараёнида ўз жойида ўрганилмоқда.
Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Иброҳим ота” маҳалла ҳудудида чакана савдо билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор Савдо-саноат палатасига мурожаат қилган.
Мурожаат эгаси мутасадди ташкилот раҳбарларининг оғзаки рухсатига кўра чакана савдо фаолиятини кенгайтириш мақсадида ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча савдо растаси барпо этган ва бунинг натижасида қўшимча иш ўринларини ташкил этиб ногиронлиги бор бўлган аҳолини иш билан таъминлаган.
Бироқ, қўшимча савдо растаси тегишли хужжатлар асосида қурилмаганлиги сабабли мурожаат эгаси ўзига ҳос муаммога дуч келган ва ундан фаолият олиб бораётган қўшимча бинони бартараф этиш талаб этилган.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакили Камолхон Абдурахимов ва Палатанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси вакили Шухрат Абдуллаев жорий йилнинг 5 май куни савдо растаси жойлашган ҳудудга бориб муаммони ўрганди. Ўрганиш натижасида эришилган якуний ҳулоса асосида мурожаат эгасига амалдаги қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқлари ҳақида тушунчалар берилди.
Шунингдек, “Иброҳим ота” маҳалла раиси билан юқоридаги муаммо юзасидан музокара олиб борилди ва савдо фаолияти сусаймаслиги учун ижара асосида тадбиркорликни давом эттириш чоралари белгилаб олинди.
05.05.2022
18:44