Савдо-саноат палатасидаги ўзгаришлар (трасформациялар) тафсилотлари эълон килинди
Савдо-саноат палатаси тадбиркорларга янада яқинроқ бўлишни, уларнинг ҳақиқий кўмакчисига айланишни мақсад қилган. Шу муносабат билан 2022-йил 6-май куни International меҳмонхонасида Палата томонидан илк бор янги форматдаги учрашув - юртимиз тадбиркорлари билан бизнес нонушта ташкил этилди. Тадбирда палатанинг янги миссияси – ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва палата аъзоларининг рақобатбардошлигини ошириш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш белгилаб олинди.
Тадбирда мутасадди ташкилотлар билан бир қаторда юртимизнинг барча ҳудудларидан тадбиркорлар таклиф этилди. Ушбу тадбир тўрт муҳим вазифани бажариш мақсадида ташкил этилди.
Биринчидан, Савдо-саноат палатаси янги раисининг дастури эълон қилинди ва Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада жонлантириш, фаоллаштириш дастури тақдим этилди.
Иккинчидан, Президентимизнинг ишлаб чиқарувчилар учун экспорт имкониятларини янада кенгайтиришга оид янги ПФ-115-сон фармонининг мазмун-моҳияти очиб берилди.
Учинчидан, қатор тармоқлар билан тизимли мулоқотда бўлиш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун ССП Президиуми ҳузурида ихтисослаштирилган қўмиталар ташкил этиш ғояси муҳокама қилинди.
Тўртинчидан, қонун билан белгиланган 20 август – Тадбиркорлар куни муносабати билан ҳар йили ўтказиладиган мулоқотлар олдидан таклифлар йиғилди.
Бизнес нонушта кўринишидаги янги ўзгаришларни муҳокама қилишнинг ўзига хос формати иштирокчилар билан очиқ ва конструктив мулоқот ўрнатиш имконини бериши билан ажралиб турди.
Тадбирда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов таъкидлаганидек, ташкилот ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва палата аъзоларининг мамлакатимиз ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий юксалишига кўмаклашишни ўзининг янги вазифаси этиб белгилаб олди.
Ушбу миссияни амалга ошириш учун Палатани ўзгартириш бир нечта муҳим қадамдан иборат:
– Дастлаб, ССП Президентимиз сиёсатини тадбиркорларга етказиш ва Президентимиз топшириқларининг жойлардаги ижроси бўйича вазиятни баҳолашга қаратилган.
– Эндиликда ССПнинг барча хизматлари Ўзбекистон бизнесининг мамлакат ичида ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.
– ССП ҳузурида халқаро тажрибалар асосида ҳукумат ва тадбиркорлар ўртасида самарали мулоқот ўрнатишга қодир тармоқ қўмиталарини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
– Бошқа давлатларнинг ССП билан ҳамкорлигидан максимал фойдаланиш, бу босқичда экспорт қилувчилар ва ССП аъзолари, бозорлар ҳақидаги ягона электрон маълумотлар базасини тўплаш режалаштирилган.
Тадбиркорлар кунига тайёргарлик кўриш, шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тадбиркорлар дуч келаётган муаммо ва масалалар ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлиш мақсадида иштирокчилар ўртасида аноним сўровнома ташкил этилди. Мазкур сўровнома натижалари эътиборга олинади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, республика тадбиркорларининг хорижий ҳамкорлар билан бизнес алоқаларини ўрнатишга кўмаклашиш,
маҳаллий товар ва хизматларни ташқи бозорларга фаол олиб чиқиш, тайёр рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида мавжуд ишлаб чиқариш корхоналарини техник қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилган.
06.05.2022
16:25