Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан яна бир тадбиркорнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига унинг аъзоси “FINE SAND” МЧЖ мурожаат қилиб, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраган.
“FINE SAND” МЧЖнинг мурожати ўрганиб чиқилганда, Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармасининг қарори билан жамият томонидан юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб бўлган ва солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортилган таъсисчи раҳбарлик амалга оширилганлик ҳолати аниқланганлиги сабабли тадбиркорнинг ҚҚС тўловчиси тўғрисидаги гувохномаси тўҳтатиб қўйилганлиги аниқланди.
Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармасининг қароридан норози бўлиб, “FINE SAND” МЧЖ солиқ бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, жавобгарликка тортилган таъсисчи жамиятда раҳбарлик қилмаслиги сабабли, ҚҚС гувоҳномасини тиклаб беришни сўраган. Бироқ, ижобий натижа бўлмаганлиги сабабли, судга ариза киритиш бўйича Палатага мурожаат қилган.
Мазкур масала юзасидан Палата томонидан “FINE SAND” МЧЖ манфаатида Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармасига нисбатан мансабдор шахсларнинг ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш ва мажбурият юклаш тўғрисида судга ариза киритилган.
Тошкент туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан Палата томонидан киритилган ариза талаблари қаноатлантирилиб, Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси мансабдор шахсларининг ҚҚС гувоҳномаси тиклаб бермасликдаги ҳаракатсизлиги қонунга хилоф деб топилган ва солиқ бошқармаси зиммасига гувохномани амал қилиш муддатини тиклаб бериш мажбурияти юклатилиб, шу орқали Палата аъзосининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган.
12.05.2022
08:36