Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 341 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ишлаб чиқилган “Умумий овқатланиш корхоналари учун санитария-гигиеник талаблар” (ID-61217) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Аввало, тақдим этилган лойиҳага кўра, Умумий овқатланиш корхоналари учун санитария-гигиена талабларини тасдиқлаш белгиланган.
Бироқ, ушбу талабларни тасдиқлашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тақдим этилмаган.
Бу эса, юридик нуқтаи назардан нотўғридир.
Зеро, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддаси 1-қисмига кўра, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ушбу ҳужжатларнинг таркибий қисми бўлган низомлар, қоидалар, йўриқномалар, регламентлар, стратегиялар, концепциялар, доктриналар, дастурлар (“йўл хариталари”) ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланиши мумкин”.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Умумий овқатланиш корхоналари учун санитария-гигиена талабларини тасдиқлашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши зарур.
2. Лойиҳанинг 1-банди иккинчи хатбошига кўра, “Мазкур санитария қоидалари мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, шифохоналар, санаториялар ва бошқа ижтимоий объектларга тегишли ошхоналарга тадбиқ этилмайди”, - деб белгиланган.
Бироқ, лойиҳанинг 8-бандида эса, олий ўқув юртлари ошхоналари, ўрта махсус ўқув юртлари ошхоналари, туристик базалар ва дам олиш базалари ошхоналарига нисбатан талаблар келтирилган.
Кўринадики, бунда лойиҳа нормалари бир-бирига зид келмоқда. Яъни,
8-бандда келтирилган ушбу объектлар ҳам ижтимоий объектлар бўлиб, юқоридагилар билан тенг мақомда ҳисобланади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳадаги нормалар ўртасида мавжуд бўлган қарама-қаршиликларни бартараф этиш лозим.
3. Лойиҳанинг 5-бандига кўра, “Мазкур санитария қоидаларига риоя қилиниши устидан давлат санитария-эпидемиологик назорати Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади”.
Бунда, давлат санитария-эпидемиологик назорати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши кўрсатилмоқда.
Бироқ, тадбиркорлик субъектларида давлат назоратини амалга оширишни тартибга солувчи бир қатор норматиқ-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Яъни, давлат назорати ушбу қонунчилик ҳужжатларининг барчасига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Шу боис, санитария қоидаларига риоя қилиниши устидан давлат санитария-эпидемиологик назоратини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилишини белгилаш зарур.
4. Лойиҳага тушунтириш хатида келтирилишича, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2022 йил 15 апрель куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 31-сонли баёни 31-бандига асосан ишлаб чиқилган.
Унга кўра, овқатланиш корхоналари учун санитария талабларини қайта кўриб чиқиб, эскирган талабларни бекор қилиш, шунингдек етказиб бериш хизматлари билан шуғулланадиган корхоналарга санитария талабларини соддалаштириш белгиланган.
Бироқ, лойиҳада мазкур масалалар инобатга олинмаган.
Шунингдек, лойиҳага тушунтириш хатида “Амалдаги “Санитарно-гигиенические требования для объектов общественного питания” 0310-14-сонли СанҚваН ва таклиф этилаётган “Умумий овқатланиш корхоналари учун санитария-гигиеник талаблар” СанҚваН лойиҳаси билан таққослама жадвал илова қилинади”, - деб келтирилган бўлсада, бироқ бундай таққослама жадвал ҳам тақдим этилмаган.
Ушбу ҳолатда амалдаги қандай ортиқча санитария-гигиеник талабларнинг бекор қилинаётганлиги аниқ эмас.
Бундан ташқари, таклиф этилаётган лойиҳада бугунги замон талабларига мос келмайдиган, эскирган, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча тўсиқлар яратадиган талабларни бартараф этиш ўрнига умумий овқатланиш корхоналари учун янги санитария талаблари белгиланмоқда.
Масалан, лойиҳанинг 8, 41, 42, 55, 150, 151, 152-бандларида амалдаги СанҚваНда мавжуд бўлмаган янги талаблар келтирилган.
Қолаверса, лойиҳанинг 26, 95, 111-112, 133-134, 136-бандларида ноаниқ, тушунарсиз ҳамда ортиқча бўлган талаблар назарда тутилган.
Кўринадики, мазкур лойиҳада юқорида келтирилган топшириқ ижроси аниқ ва етарлича таъминланмаган.
5. Ушбулардан келиб чиқиб ҳамда юқорида келтирилган топшириқ ижросини сифатли таъминлаш мақсадида, лойиҳани қайта кўриб чиқиш, бунда эскирган санитария талабларини бекор қилиш, шунингдек етказиб бериш хизматлари билан шуғулланадиган корхоналарга санитария талабларини соддалаштиришни назарда тутиш лозим.
25.05.2022
17:35