Ўзбекистон-Тожикистон: савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш
Жорий йилнинг 30 май куни International Hotel Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон ва Тожикистон ишбилармон доиралари ўртасида В2В форматидаги музокаралар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ишбилармон доираларининг 400 дан ортиқ ва Тожикистон Республикасининг 150 га яқин вакиллари иштирок этди. Тадбирда, шунингдек Ўзбекистон томонидан қатор саноат бирлашмалари вакиллари ҳам иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулотда ва Муҳтор элчиси Рахмонзода Абдужаббор Азиз ва Тожикистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раис ўринбосари М.Рустамова иштирок этдилар.
Қайд этиш керакки, Тожикистон Республикаси делегатцияси таркибида етакчи корхоналар тадбиркорлари бўлиб, асосий эътибор ўзбек корхоналари билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик қилишга қаратилди.
Тадбирнинг асосий мақсади икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, тадбиркорлар учун қўшимча имкониятлар яратишда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Тожикистон ва Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, замон талабидаги саноат маҳсулотларини икки давлат бозорларига етказиб беришни кенгайтириш ва бу каби ишларни ривождантириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш тарафдори эканлигини, шунингдек, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида ўзаро манфаатли лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш билан сармоявий ҳамкорликни тубдан ривожлантиришга таяниши таъкидланди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг ролини оширишга катта эътибор қаратилаётгани, шу муносабат билан инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хусусий мулк ва чет эл капиталини ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, шунингдек, уларнинг жадал ва мувозанатли ривожланишини таъминлаш учун мамлакатнинг ҳар бир минтақасининг туман ва шаҳарлари шароитида фойдаланилмаган янги иқтисодий захираларни аниқлаш, колаверса солиқ юкини камайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар фаол ишлаб чиқилаётгани ва амалга оширилаётгани бир неча бор таъкидланди.
Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ишбилармонлик ҳамкорлигини йўлга қўйишнинг устувор йўналишлари санаб ўтилди. Улар орасида саноат сектори, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари мавжуд.
Қайд этиш жоизки, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кичик бизнес учун яратилган инвестицион муҳит ва имкониятлар Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш учун улкан салоҳиятни таъминламоқда.
Тадбир давомида тадбиркорлар ўз маҳсулот ва хизматларини ҳамкорларга намойиш этди, шунингдек, уларнинг экспорт салоҳияти ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, ташриф давомида Ўзбекистон-Тожикистон ишбилармонлар Кенгашининг 5-йиғилиши ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов ўз нутқида Ўзбекистон ва Тожикистон нафақат икки томонлама муносабатларни кенгайтириш, балки Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатларнинг фаровонлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашда ўзаро бир-бирига мос манфаатларга эга эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, ҳамкорликда ўтказилган тадбирларда ишбилармонлик алоқалари, ўзаро савдо ва сармоявий соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун шароит яратилгани таъкидланди.
Учрашув чоғида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги истиқболли йўналишлар бўйича ҳам батафсил маълумот берилди.
Тегишли саноат бирлашмалари раҳбарлари тақдимотлар шаклида ҳар бир соҳанинг инвестиция, саноат ва савдо салоҳиятини батафсил очиб беришди, шунингдек хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва хорижий капитал иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг мавжуд механизмлари ҳақида гапириб беришди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига манфаатдор инвесторлар ва тадбиркорлар билан келгусида истиқболли лойиҳа таклифлари тақдим этилди.
Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистон-Тожикистон ишбилармонлар Кенгашининг бешинчи йиғилиши, томонлар савдо-саноат палаталари негизида жойларда ўтказилаётган тадбирларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг иштирокини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги баённомаси, қолаверса икки мамлакатнинг ишбилармонлари ўртасида бир қатор ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
31.05.2022
08:45