Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 363 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлаш ва навдорликни баҳолаш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори (ID-61434) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 3-бандига кўра, “Ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ жисмоний ва юридик шахслар кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун фақат Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳузуридаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази”, давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қилади”, - деб белгиланган.
Бунда, мазкур давлат хизматларидан фойдаланиш учун “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази”(кейинги ўринларда Корхона)га ҳам тўғридан-тўғри мурожаат қилиниши назарда тутилган.
Бироқ, лойиҳани ишлаб чиқиш учун асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сонли Фармони 2-иловаси 49-52-бандларига кўра, лойиҳада келтирилган хизматлар Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали кўрсатилиши белгиланган.
Шунга боис, лойиҳа ва унинг иловаларида мазкур давлат хизматларининг Давлат хизматлари марказлари (Марказ) ва ЯИДХП орқали кўрсатилишини назарда тутиш лозим.
2. Лойиҳа 1 ва 4-иловаларида келтирилган маҳсулотларнинг мажбурий ёки ихтиёрий тартибда сертификатланиши масаласи аниқлаштирилмаган.
Бироқ, лойиҳа 1-иловаси 4-банди 2-хатбошида ва 4-иловаси 3-банди 2-хатбошида “Мажбурий сертификатланадиган маҳсулотларни сертификатлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари алоҳида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари билан тартибга солинади”, - деган норма келтирилган.
Демак, бундан кўринадики, мазкур лойиҳа маҳсулотларни ихтиёрий сертификатлаштириш тартибини белгилайди.
Аммо, лойиҳада мазкур масаланинг очиқ қолдирилганлиги амалиётда ноаниқликлар, тушунмовчиликлар ва чалкашликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳа 1- ва 4-иловаларида мазкур масалаларни очиб бериш, яъни юқоридаги нормаларнинг нима сабабдан киритилганлиги ҳамда ушбу иловаларда келтирилган маҳсулотларнинг мажбурий ёки ихтиёрий сертификатланиши масаласини аниқлаштириш лозим.
3. Лойиҳа 1-иловаси 5-банди ҳамда 4-иловаси 4-бандида “Сертификатлаштиришда маҳсулот мувофиқлигини тасдиқланиши лозим бўлган хусусиятлар (кўрсаткичлар) рўйхати, текшириш ва синаш усуллари келтирилган, сертификатлаштириладиган маҳсулотга меъёрий ҳужжатлар (кейинги ўринларда - МҲ)да белгиланган талабларга мос эканлиги тасдиқланади”, - деб белгиланган.
Бироқ, ушбу меъёрий ҳужжатларнинг айнан қандай ҳужжатлар эканлиги, ким томонидан тасдиқланиши, унинг ҳуқуқий мақоми каби масалалар келтирилмаган.
Бу эса, амалиётда турлича талқин қилиниши оқибатида ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, сертификатлаштириладиган маҳсулотга меъёрий ҳужжатлар деганда айнан қандай ҳужжатлар назарда тутилганлигини аниқлаштириш зарур.
4. Лойиҳа иловаларида Давлат хизматини кўрсатганлик учун аризачидан қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдори ҳамда Корхона (СО ва АСЛ) томонидан тасдиқланган калькуляция асосида маҳсулот турига қараб йиғимлар ундирилиши белгиланган.
Бироқ, ушбу соҳада монопол мавқеъга эга бўлган Корхона томонидан ўзи кўрсатадиган хизматлар учун ундириладиган нархларнинг белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас.
Чунки, бунда фақат Корхонанинг манфаатларидан келиб чиқиб нархлар белгиланиши, натижада эса, тадбиркорлик субъектлари учун молиявий қийинчиликлар келиб чиқиши мумкин.
Шу сабабли, кўрсатиладиган хизматлар ва улар учун ундириладиган нархларни мазкур лойиҳанинг ўзида белгилаш мақсадга мувофиқ.
5. Лойиҳа 1- ва 4-иловаларига кўра, аризачи томонидан тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар сифатида қуйидагилар ҳам белгиланган:
етиштирилган маҳсулотга экиш олдидан берилган мувофиқлик сертификати нусхаси;
маҳаллий етиштирилган маҳсулотларни сертификатлаштиришда қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг дала вегетация даврида апробация кўриги ўтказилганлиги ҳақида далолатноманинг асли ёки аслига тўғрилигини тасдиқловчи нусхаси;
маҳаллий тайёрланган маҳсулотларни касалликлар ва ҳашаротларга қарши кимёвий дориланганлиги ҳақида хулоса;
оригинал уруғлар (1-2-йил ва уруғ кўпайтириш кўчатзорлари)га мансуб маҳсулотнинг аризачи томонидан етиштирилганда, нав оригинатори томонидан уруғликни кўпайтириш учун рухсатномаси (илмий-амалий ҳамкорлик шартномаси ва экиш олдидан уруғлик харид қилинганлиги ҳақида фактура нусхаси);
импорт қилинган маҳсулотларга тегишли хорижий фитосанитар сертификати, мувофиқлик сертификати, йўл-юк хати (накладной), ҳисоб-фактура (инвойс) ҳамда маҳаллий карантин рухсатномаси (ИКР) ёки юкни очиб кўриш далолатномаси (АКД)ларнинг нусхалари;
ҳужжатлар хорижий тилда расмийлаштирилган бўлса, ваколатли таржимон томонидан ўзбек ёки рус тилидаги таржима қилинган ва тасдиқланган нусхалари илова қилинади;
давлат санитария назорати идорасининг лабораториясида ўтказилган синовларнинг натижаларини ўз ичига олган санитария-эпидемиология хулосаси ва синов баённомалари нусхалари.
Кўриниб турибдики, бунда аризачидан амалда мавжуд бўлмаган, ортиқча ҳужжатларни ҳам талаб қилиш назарда тутилган.
Мисол учун, мувофиқлик сертификати ҳали аризачида мавжуд бўлмай, ушбу сертификатни олиш учун аризачи мурожжат қилмоқда.
Ёки, импорт қилинган маҳсулотларга тегишли хорижий фитосанитар сертификати, мувофиқлик сертификати, маҳаллий карантин рухсатномаси каби ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмоқда.
Шунингдек, ҳужжатлар хорижий тилда расмийлаштирилган бўлса, улар ваколатли таржимон томонидан таржима қилиниши ҳам ортиқча талаб ҳисобланади.
Санитария-эпидемиология хулосаси ва синов баённомалари нусхаларини мажбурий талаб қилиш ҳам тўғри эмас, ваҳолангки бундай хулосалар мавжуд бўлган тақдирда тақдим этилиши мумкин.
Лойиҳа ижрочиси томонидан билдирилишича, ушбу давлат хизматлари, яъни лойиҳа 1- ва 4-иловаларида келтирилган маҳсулотларни сертификатлаштириш амалиётда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш агентлиги бош директориинг 2005 йил 25 февралдаги 59-сон буйруғи билан Маҳсулотларни сертификатлаштириш қоидаларига асосан амалга оширилмоқда.
Ушбу Қоидаларнинг 14-бандига кўра:
Ишлаб чиқариладиган маҳсулотни сертификатлаш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этиши лозим:
ишлаб чиқариладиган маҳсулотга МҲ нусхаси;
маҳсулот ёрлиғининг намунаси (маҳсулот тўғрисида ахборот);
амалда бор бўлган тақдирда, давлат санитария назорати идорасининг лабораториясида ўтказиладиган синовларнинг натижаларини ўз ичига олган санитария-эпидемиология хулосаси ва МҲ да белгиланган бошқа талаблар тўғрисидаги маълумотлар (ветеринария ва фитосанитария хулосалари, экологик экспертиза).
Қоидаларнинг 12-бандига кўра эса:
Четдан келтириладиган маҳсулотни сертификатлаштиришда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:
ишлаб чиқариладиган маҳсулотга меъёрий ҳужжат нусхаси (амалда бор бўлган тақдирда);
маҳсулот ёрлиғидан намуна ёки маҳсулот тўғрисида маълумот;
маҳсулотнинг Ўзбекистон Республикаси божхонаси ҳудудига келганлиги тўғрисидаги белги қўйилган товарга қўшиб жўнатиладиган ҳужжат нусхаси (товар-транспорт юк хати, инвойс, ҳисоб-фактура);
амалда бор бўлган тақдирда, давлат санитария назорати идорасининг лабораториясида ўтказилган синовларнинг натижаларини ўз ичига олган санитария-эпидемиология хулосаси ва синов баённомалари, МҲда белгиланган бошқа талаблар (ветеринария ва фитосанитария хулосалари, экологик экспертиза);
олиб кирилаётган маҳсулотнинг аниқ ҳажми (сони) кўрсатилган ташқи савдо шартномаси (контракти) ва маҳсулотни етказиб берувчи ҳамда қабул қилувчи ўртасида тузилган келишув(лар) нусхаси (маҳсулотларни 7А чизмаси асосида сертификатлаштирилганда).
Кўриниб турганидек, лойиҳада амалдаги тартибни мураккаблаштириш ва оғирлаштириш, аризачидан ортиқча ва топшириш имконсиз бўлган ҳужжатларни талаб қилиш назарда тутилмоқда.
Бу эса, бизнес учун маъмурий юкнинг ортиши ва асоссиз бюрократик тўсиқларнинг юзага келишига олиб келиб, коррупция ҳолатларига шароит яратиб беради.
Шу боис, лойиҳа иловаларида талаб этиладиган ҳужжатлар сонини минимал даражада қисқартириш ва юқорида келтирилган ортиқча ҳужжатларни чиқариб ташлаш лозим.
6. Лойиҳа 1-иловаси 16-банди ҳамда 4-иловаси 18-бандига кўра:
Аризачига қуйидаги ҳолларда ҳам асосланган рад жавоби берилади:
- СОнинг аккредитация доирасида мавжуд бўлмаган маҳсулотни сертификатлаш бўйча ариза берилганда;
- СОнинг аккредитация гувоҳномаси вақтинчалик тўхталилган, бекор қилинган ёки бошқа сабаблар кўра иш фаолияти тўхталилганда;
- маҳсулотлар МҲларда белгиланган талабларга мос келмаган холатларда, қадоқлаш бирликларининг ҳар бирига ёрлиқлар қўйилмаганда ва қадоқлаш ишлари нотўғри амалга оширилганда;
- маҳсулотлардан намуналар танлаб олиш тартибига риоя қилинмасдан аризачи томонидан тақдим этилганида.
Аввало, бундай рад этиш қайси босқичда бўлиши аниқ белгиланмаган. Яъни, аризани қабул қилиш жараёнида ёки аризалар келиб тушгач, тўлов амалга оширилгандан кейин рад жавоби берилиши белгиланмаган.
Ваҳолангки, юқоридаги биринчи асосда ариза қабул қилинмасдан, яъни тўлов амалга оширилмасдан аввал рад этилиши керак. Чунки, ҳолат олдиндан аниқ бўлиб, уни аниқлаштириш учун ариза қабул қилиниб, ўрганиб чиқилиши ва бу учун тўлов амалга оширилиши шарт эмас.
Кейинги асосда келтирилган СОнинг аккредитацияси билан боғлиқ муаммолар аризани рад этиш учун асос бўла олмайди.
Юқорида келтирилган охирги икки асос эса, намуналарни сертификатлаштириш органи ходимлари томонидан жойига чиққан ҳолда олинишини инобатга олмаган ҳолда белгиланган.
Қолаверса, лойиҳа иловаларида аризачига рад жавоби қайси орган томонидан берилиши, сертификатни бериш ёки беришни рад этиш бўйича қарор ким томонидан қабул қилиниши ва у билан боғлиқ процедуралар очиб берилмаган.
Бу эса, ҳуқуқни қўллаш амалиётида бўшлиқларни келтириб чиқаради.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, лойиҳа иловаларида аризачига рад жавобини бериш асослари ва тартибини қайта кўриб чиқиш, бунда рад этиш асосларини аниқ белгилаш, сертификатни бериш ёки беришни рад этиш бўйича қарор ким томонидан қабул қилиниши ва у билан боғлиқ процедураларни келтириб ўтиш лозим.
7. Лойиҳа 1-иловаси 27-бандига кўра, “Сертификатлаштириш мақсадида синовлар АСЛда ўтказилади. Бунда, маҳсулотнинг муайян турини сертификатлаш мақсадида синов баённномаларини расмийлаштириш ва бериш муддати маҳсулот турига ҳамда МҲ бўйича ўтказиладиган синов усулларига мувофиқ, ушбу маҳсулотнинг барча синовларининг давомийлигидан келиб чиққан ҳолда муддат белгиланади”.
Бироқ, синов баённномаларини расмийлаштириш ва бериш муддатининг ушбу шаклда белгиланиши амалиётда муддатларнинг асоссиз чўзилиб кетишига олиб келиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловаларида синов баённномаларини расмийлаштириш ва беришнинг энг узоқ муддатини аниқ ва оптимал белгилаш зарур.
8. Лойиҳа 4-иловаси 41-42-бандларида инспекция назоратини ўтказиш назарда тутилган бўлиб, унда қуйидагилар белгиланган:
“Сертификатлаштириш даврида тузилган битим асосида йилига камида бир маротаба берилган сертификат юзасидан инспекция назоратини амалга оширилади.
.......
Бироқ, бу мазмун-моҳиятига кўра, режали текширишларни назарда тутади.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармони 4-бандига кўра, режали текширишлар бекор қилинган.
Шунингдек, ушбу Фармон 5-бандига асосан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи “хавфни таҳлил этиш” тизими натижалари асосида амалга оширилади.
Яъни, юқорида келтирилган инспекция назоратини ўтказиш тартиби мазкур Фармон талабларига зид келмоқда.
Ушбуларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 4-иловаси 41-42-бандларини чиқариб ташлаш лозим.
01.06.2022
12:42