Корея Республикасига маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича вебинар ташкил этилди
2022 йил 3 июнь Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Кореяда фаолият юритаётган ҳамда ушбу хорижий давлатда савдо уйи фаолиятини йўлга қўйган мутахассис Ш.Каримова билан ҳамкорликда “Республикамиздан маҳсулотларни Корея Республикасига экспорт қилиш” мавзусида вебинар ташкил этилди.
Вебинарда озиқ-овқат, мева-сабзавот, полиз экинлари, саноат маҳсулотлари, тайёр кийим кечак маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 60 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар шунингдек, 30 нафар ишбилармон аёллар иштирок этдилар.
Онлайн тадбирни Палата масъул ходими Ғ.Усмонов кириш сўзи билан очиб бериб, ушбу хорижий бозорнинг республикамиз экспорти учун аҳамияти, экспортбоп маҳсулотлар диверсификациясини кенгайтириш тўғрисида қайд этиб ўтди.
Тадбирда Ш.Каримова тақдимоти билан иштирок этиб, қуйидаги мавзуларга тўхталиб ўтди:
- Корея бозори ва ундаги имкониятлар;
- республикамиздан Корея бозорида талаб юқори бўлган экспортбоп маҳсулотлар;
- маҳсулотни экспорт қилиш шартлари;
- маҳсулотларни экспортга тайёрлаш;
- саралаш, қадоқлаш, боғлиқ ташкилий масалалар;
- сертификация ва стандардизация;
- божхона масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга Ш.Каримова вебинар қатнашчиларининг Корея Республикасига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, болалар кийимлари, саноат маҳсулотлари, гигиеник воситалар ва бошқа маҳсулотлар учун тартиб-қоидалар, маҳсулотнинг экспортга тайёрлигини баҳолаш мезонлари, бозорда харидор топиш билан боғлиқ саволларига атрофлича жавоб қайтарди.
Тадбир сўнгида маҳсулотларни Ўзбекистондан Кореяга экспорт қилишда ҳар бир тармоқ йўналишлари кесимида шу каби вебинарларни мунтазам ташкил этишга келишиб олинди.
03.06.2022
17:45