Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 394 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини ривожлантириш стратегияси тўғрисида”ги Фармони (ID-61551) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа 4-бандига кўра:
“Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда - ваколатли давлат органи) қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
суғурта (қайта суғурта) ташкилотларининг тўлов қобилияти мустаҳкамлигини ҳамда суғурта заҳираларини тўлиқ шакллантирилишини таъминлаш мақсадида, ваколатли давлат органи томонидан суғурта тарифларининг минимал ставкаларини мустақил белгилаш;
...”.
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунинг 3-моддасига кўра, суғурта тарифи — суғурта объектини ва суғурта таваккалчилигининг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда белгиланадиган, шунингдек суғурта шартларига мувофиқ суғурта суммаси бирлигидан олинадиган суғурта мукофоти ставкаси.
Фуқаролик кодексининг 942-моддасига кўра,
“Суғурта мукофоти деганда суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда суғурталовчига тўлаши шарт бўлган суғурта ҳақи тушунилади.
Суғурталовчи суғурта шартномаси бўйича тўланиши лозим бўлган суғурта мукофоти миқдорини белгилашда суғурта объекти ва суғурта хавфи хусусияти ҳисобга олинган ҳолда ўзи томонидан ишлаб чиқилган, суғурта пули бирлигидан ундириладиган мукофотни аниқлайдиган суғурта тарифларини қўллашга ҳақли.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда суғурта мукофотининг миқдори давлат суғурта назорати органлари томонидан жорий этилган ёки тартибга солинадиган суғурта тарифларига мувофиқ белгиланади.
...”.
Кўриниб турганидек, суғурта мукофоти миқдори тараф томонидан белгиланади, факатгина қонунда назарда тутилган ҳолларда суғурта мукофотининг миқдорини давлат суғурта назорати органлари белгилайди.
Шу боис, лойиҳа 4-банди иккинчи хатбошисини чиқариб ташлаш лозим.
2. Лойиҳа 4-банди учинчи хатбошисига кўра:
“Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда - ваколатли давлат органи) қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
...
суғурта даъволарини ўз вақтида кўриб чиқмаслик, суғурта қилдирувчиларга нисбатан асоссиз талаблар қўйиш, суғурта тўловларини белгиланган муддатларда ёки тўлиқ амалга оширмаслик ҳамда нотўғри рад этиш ҳолатлари бўйича, шунингдек, суғурта бозорини назорат қилиш ва тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг кўрсатмаларини суғурта (қайта суғурта) ташкилотлари томонидан бажарилмаслиги юзасидан жарима санкцияларини белгилаш;”.
Лойиҳа билан суғурта даъволарини ўз вақтида кўриб чиқмаслик, суғурта қилдирувчиларга нисбатан асоссиз талаблар қўйиш, суғурта тўловларини белгиланган муддатларда ёки тўлиқ амалга оширмаслик ҳамда нотўғри рад этиш, шунингдек, суғурта бозорини назорат қилиш ва тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг кўрсатмаларини бажармаганлик учун янги жавобгарлик чорасини жорий этиш назарда тутимоқда.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сонли Фармони 5-бандига кўра, жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг фақатгина қонунлар билан ўрнатилиши белгиланган.
Яъни, таклиф этилаётган таҳрир юқоридаги Фармон талабларига зиддир.
Шунингдек, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунинг 47-моддасига кўра:
“Ваколатли давлат органи:
...
суғурталовчи (қайта суғурталовчи) томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик, шу жумладан белгиланган иқтисодий нормативлар бузилганлиги учун суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) устав фонди (устав капитали) энг кам миқдорининг 0,1 фоизигача миқдорида, белгиланган тартибда жарима солади;”.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тўғрисидаги Низомнинг 9-банди 7-кичик бандида Молия вазирлиги суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шу жумладан белгиланган иқтисодий нормативлар суғурталовчи томонидан бузилганлиги учун суғурталовчининг устав фонди энг кам миқдорининг 0,1 фоизигача миқдорда белгиланган тартибда жарима солади.
Кўриниб турганидек, суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларни бузганлик учун жарима белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа 4-банди учинчи хатбошисини ҳамда жарима белгилашга доир барча нормаларни чиқариб ташлаш лозим.
3. Лойиҳа 2-иловаси билан Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини 2022 – 2026 йилларда ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш белгиланган
“Йўл харитаси” 21-бандида “Суғурта хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда суғурта ташкилотларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талабларни белгилаш” вазифаси кўрсатиб ўтилган.
Бироқ, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунинг 13-модда биринчи қисмига кўра, тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта тўлови) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс суғурталовчи деб эътироф этилади.
Қўриниб турганидек, суғурта фаолияти лицензияланадиган фаолият ҳисобланади.
Ушбу фаолият учун қўшимча талабларни жорий этиш зарурияти эса лойиҳа муаллифи томонидан етарлича асослантирилмаган.
Хусусан, бундай талабларга зарурият ҳамда амалдаги тартиб натижасида вужудга келаётган муаммолар таҳлили, шунингдек хорижий тажриба келтирилмаган.
Бунда, бу каби ўзгартиришларни чуқур таҳлил қилмасдан амалга ошириш амалиётда кутилган натижаларни бермасдан, аксинча салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа 2-илова 21-бандини чиқариб ташлаш лозим.
4. Лойиҳа 2-иловаси 22-бандида “Суғурта фаолиятида юзага келаётган муаммо ва камчиликларни ҳамда коррупция аломатларини бартараф этиш ва суғурта бозорини тартибга солиш мақсадида, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” вазифаси белгиланган.
Мазкур Хулоса 3-бандида келтирилган асосларни инобатга олиб, лойиҳа 2-илова 22-бандини чиқариб ташлаш лозим.
13.06.2022
19:37