Жамоатчилик экспертизаси ўтказилган яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси хусусида
“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида белгиланган Савдо-саноат палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ваколатларини амалга оширган ҳолда, Палата томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаган ҳолда, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 410 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Палата томонидан кўриб чиқилиб, Жамоатчилик экспертизаси хулосалари берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни (ID-61114) лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳага кўра, солиқ қонунчилигида қуйидаги янги тартиб ва институтларнинг жорий этилиши белгиланмоқда:
- солиқ органлари томонидан суд қарорисиз қарздорнинг мол-мулкига тақиқ солиш, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини музлатиб қўйиш;
- солиқ органлари томонидан солиқ қарзини мажбурий ундириш;
- солиқ қарзини ундириш бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясини ташкил этиш;
- солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундириш тўғрисидаги суд ва солиқ органлари қарорлари ижросини таъминлашни мазкур инспекция томонидан амалга ошириш;
- қарздорларнинг мол-мулкига тақиқ солишнинг янги тартиби;
- қарздорларнинг мол-мулкларини суд қароригача хатловга олиш;
- суд органлари томонидан жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш;
- суд органлари томонидан қарздорнинг мол-мулкини мажбурий реализация қилиш ва б.
Кўриниб турганидек, лойиҳада солиқ органлари ваколатларини ҳаддан ташқари ва умуман фискал функцияларга хос бўлмаган ваколатлар билан кенгайтириш, уларга қўшимча ҳуқуқ, шунингдек бошқа давлат органларига тегишли бўлган вазифа ва функцияларни бериш назарда тутилмоқда.
Хусусан, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларни ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга асосан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари давлат ижрочиларининг вазифалари ҳисобланади.
Бироқ, лойиҳада солиқ қарзини мажбурий ундириш тартибини Солиқ кодексида белгилаш ҳамда бундай ваколатни солиқ органларига бериш белгиланмоқда.
Бунда, солиқ органига бошқа давлат органи билан такрорланаётган ваколатлар ва вазифалар юклатилиши назарда тутилган.
Бу эса, амалдаги қонунчилик талабларига тўғридан-тўғри зид бўлиб, давлат органлари функцияларининг такрорланишига ва манфаатлар тўқнашувига олиб келади.
Ваҳолангки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2021 йил 24 февралдаги 2-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида давлат органига бошқа давлат органи билан такрорланаётган ваколатлар ва вазифаларнинг юклатилиши коррупциявий омиллардан бири сифатида белгиланган.
Бундан келиб чиқадики, лойиҳада мажбурий ижро органлари ваколатларини солиқ органларига берилишини назарда тутиш коррупциявий омил сифатида баҳоланиши лозим.
2. Бундан ташқари, лойиҳа билан солиқ органлари ҳодимларига суд қарорисиз солиқ тўловчиларнинг мол-мулкини хатлаш, уларга таъқиқ солиш, реализация қилиш, банкдаги ҳисоб варақаларини музлатиб қўйиш ва солиқларни мажбурий ундириш ваколатлари берилмоқда.
Бироқ, бундай норманинг белгиланиши амалиётда тадбиркорлик субъекти ҳуқуқларининг асоссиз равишда бузилишига, солиқ қарзларини ундириш масаласини бир ёқлама ҳал этиб, ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилишига олиб келиши мумкин.
Қолаверса, таклиф этилаётган тартиб амалиётда салбий ҳолатларни келтириб чиқариши, тадбиркорлик субъектларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши аниқ.
Зеро, низоли солиқ қарзи мавжуд бўлган ҳолларда ишларнинг судлар томонидан кўрилиши тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари кафолатларини таъминлайди. Ишлар судларда кўрилаётганда иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилади.
Солиқ қарзини мажбурий ундириш тўғрисидаги ишларнинг солиқ органлари томонидан кўриб чиқилиши эса, масаланинг бир томонлама ҳал қилинишига, натижада тадбиркорлик субъектларининг манфаатларига зарар етказилишига олиб келиши мумкин.
3. Шу билан бирга, лойиҳага кўра, солиқ органларига солиқ органи томонидан белгиланган муддатларда солиқ қарзи ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда, ихтиёрий тўлаш муддати тугагандан кейин уч кундан кечиктирилмай қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқариш ҳуқуқи берилмоқда.
Бу эса, мазмунан фуқароларнинг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлари суд қарорисиз ҳам чекланишини назарда тутади.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасига кўра, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, - деб белгиланган.
Кўриниб турганидек, лойиҳа ижрочиси томонидан таклиф этилаётган ушбу янги тартиб Конституция талабларига зид ҳисобланади.
4. Лойиҳа ижрочиси томонидан мазкур лойиҳа солиқ қарзини ундириш самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги билан асослантирилган.
Бироқ, амалдаги қонунчиликда солиқ қарзини мажбурий ундириш тартиби, асослари ва талаблари аниқ тартибга солинган.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддаси биринчи қисмига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларини тайёрлашни ташаббус қилишга фақат, башарти давлат органларида кўтарилаётган масалаларни ёки муаммоларни қонунчиликда назарда тутилган механизмлар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал этиш ваколатлари мавжуд бўлмаса, йўл қўйилади”.
Мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши эса, бизнес учун маъмурий юкнинг ортиши ва асоссиз бюрократик тўсиқларнинг юзага келишига, шунингдек, давлат органлари томонидан тор идоравий манфаатларни илгари суриш орқали давлат регулятори тарқоқ ҳолатга келиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
5. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур лойиҳани қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас.
20.06.2022
09:49