Самарқандда Доривор ўсимликлар маҳсулотларининг I-халқаро “Avicenna Heritage-2022” кўргазмаси бўлиб ўтди
Республикада сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан муҳтарам Президентимиз томонидан соҳага оид имзоланган бир қатор фармон ва қарорлар юртимизда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш шунингдек, уларнинг экспортини амалга ошириш борасида кенг имкониятлар яратди.
Жорий йилнинг 17 июнь санасида Самарқанд шаҳридаги “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазмалар мажмуаси яна бир нуфузли тадбирга мезбонлик қилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон ҳўжалиги давлат қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган “Avicenna Heritage - 2022” - “Абу Али ибн Сино мероси - 2022” деб номланган Доривор ўсимликлар маҳсулотларининг Биринчи халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ушбу кўргазмада доривор ўсимликларни етиштирувчи ва уни қайта ишловчи ҳамда доривор ўсимликлар асосида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчи 100 га яқин маҳаллий тадбиркорлар шунингдек, Ўрмон хўжалиги корхоналари, Шифобахш илмий ишлаб чиқариш маркази, Фанлар академияси ҳузуридаги илмий институтлар, Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, Ўзбекистон халқ табобати академияси, Шарқ табобати институти вакиллари ва худудлардан ташриф буюрган 2000га яқин тиббиёт ходимлари иштирок этишди.
Юртимизда доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашни янада ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини интеграциялаш мақсадида Самарқанд шаҳрида ташкил қилинган тадбир доривор ўсимликлар хом ашё базасидан самарали фойдаланиш, касалликларнинг олдини олиш ва даволашда доривор ўсимликларни кенг қўллаш, доривор ўсимликларнинг маданий плантацияларини барпо этаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда қўшимча қиймат занжирини яратишни янги босқичга олиб чиқиш учун кенг имконият майдони бўлиб хизмат қилади.
20.06.2022
12:10