Наманганда муқобил энергиядан фойдаланишни кенгайтиришга бағишланган кўргазма бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 июнь куни “Иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбааларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу соҳадаги янгиликларни кенг жорий этиш юзасидан бир қатор вазифалар берилди.
Топшириққа биноан, жорий йилнинг 29 июнь куни Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида Савдо-саноат палатаси, “Узэлтехсаноат” уюшмаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Муқобил энергия ресурсларидан фойдаланиш лойиҳалари, қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ва етказиб берувчи тадбиркорлик субъектлари маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Мазкур кўргазмада қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ўз махсулотлари билан иштирок этишди.
Кўргазмани очиб бериш учун сўз олган Наманган вилояти ҳокими Ш.Абдураззаков ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ф.Тошпўлатовлар ушбу кўргазма соҳадаги янгиликларни кенг жорий этиш юзасидан ташкил этилгани ҳамда бугунги кундаги электр ва газ истеъмолини энергия тежамкор воситалардан самарали фойдаланишни орқали йўлга қўйсак, ҳозирги кунда сарфланаётган харажатларни бошқа эҳтиёжлар учун сарфлаш мумкинлиги ҳақида фикр билдирди.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда аҳолининг камида 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаби мавжуд экани, келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж яна 10 миллиард киловатт соатга ошиши мумкинлиги, бундай вазиятда энг самарали йўл – муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтириш экани тўғрисида кўргазма иштирокчиларига ахборот берилди.
Савдо-саноат палатаси Матбуот хизмати
30.06.2022
09:11