Тошкентда “Ўзбекистон-Эрон фан ва инновация форуми” ўтказилди
Эрон Ислом Республикаси Президентининг илм-фан ва технологиялар бўйича Вице-президенти С.Сатторийнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида жорий йилнинг 20 июль куни Эроннинг Фан, тадқиқотлар ва технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистон-Эрон фан ва инновация форуми” ўтказилди.
Форумни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов очиб берди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси ҳақида сўзлади. Жорий ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш стратегияси инновацион ривожланиш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган стратегик ҳужжат бўлиб, унинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги ошади.
Сўнг Эрон Ислом Республикасининг вице президенти Сорена Сатторий маърузаси тингланди.
Шунингдек, Форумда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хузуридаги “Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази” директори Алишер Шукуров қишлоқ хўжалиги тармоғига самарадор инновацион технологияларини жорий қилиш истиқболлари тўғрисидаги маърузаси билан иштирок этди.
Эрон Ислом Республикаси Вице-президент идорасининг биотехнологиялар бўйича сектор котиби Мустафо Қонеи Эрон Ислом Республикасида қишлоқ хўжалиги биотехнологиялар бўйича корхоналар фаолиятига тўхталиб ўтди.
Эронда инновацияларни иқтисодиётнинг турли соҳаларига татбиқ этиш, илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, стартап экотизимини шакллантириш каби масъулиятли вазифалар катта муваффақият билан бажариб келинмоқда.
Ўзбекистон–Эрон ўртасидаги илмий-техникавий ва инновацион ҳамкорлик йиллар давомида изчил ривожланиб бормоқда. Жорий йилда мамлакатларимиз ўртасида имзоланган Илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми био- ва нанотехнологиялар, ахборот-коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб илмий соҳаларда алоқалар кенгайишига хизмат қилади.
Мазкур форум доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги биносининг кўргазмалар залида Ўзбекистон ва Эроннинг инновацион компаниялари ва стартапларининг маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда икки мамлакат корхона ва ташкилотларининг инновацион ишланма ва маҳсулотлари намойиш қилинди. Мазкур кўргазмада Эрон томонидан тиббиёт, чорвачилик, озиқ-овқат ва бошқа турли хил соҳаларда фаолият юритувчи 35 та етакчи инновацион компаниялар ўзларининг инновацион маҳсулот ва лойиҳалари билан иштирок этмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Эрон мамлакатларининг ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тиббиёт, ахборот технологиялари ва озиқ овқат саноати каби йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида кўргазма доирасида икки мамлакат ишбилармон вакиллари ўртасида “B2B” учрашувлар ўтказилди.
20.07.2022
16:26