Малайзия компанияси билан учрашув бўлиб ўтди.
2022 йил 27 июль куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси масъул вакиллари ҳамда Малайзиянинг “Alpha Group” компанияси ижрочи директори Д.Алкатири иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон-Малайзия ишбилармонлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга Д.Алкатири Малайзия ишбилармон доираларининг Ўзбекистоннинг тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий маҳсулотларга Малайзияда талаб юқори эканлигини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда “Alpha Group” компанияси томонидан Ўзбекистон миллий маҳсулотлар шоурумини Куала-Лумпур шаҳрида ташкил этиш масаласи муҳокама этилди.
Онлайн мулоқот давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари жумладан, электрон тижорат соҳасида ҳамкорлик, республикамиздан Малайзияга озиқ-овқат, қуритилган мева-сабзавот, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш, икки давлат ишбилармонлари ўртасида бизнес алоқаларини ривожлантириш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.
28.07.2022
08:59