“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг афзалликлари юзасидан Наманган вилоятида медиа тур ташкиллаштирилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелда қабул қилинган “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-115-сон фармонининг мазмун моҳиятини кенг ёритиш мақсадида Савдо-саноат палатаси Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 28 июль куни Наманган вилоятидаги “ART SOFT TEX” қўшма корхонасида тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг афзалликлари: имконият ва қулайликлар” мавзусида медиа тур ташкиллаштирилди.
Тадбирда 50 дан ортиқ текстиль корхоналари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир аввалида Давлат божхона қўмитасининг Божхона назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Қобулов сўзга чиқиб, мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва экспортни қўллаб-қувватлаш, қўшимча ишчи ўринларини яратиш мақсадида, кенг кўламли ишлар олиб борилиб, тадбиркорларга бир қанча қулайлик ва енгиликлар яратилаётганини таъкидлади ҳамда Савдо-саноат палатасининг Экспортга кўмаклашиш бошқармаси бошлиғи Усманов Ғофуржон томонидан Фармон бўйича тегишли муаммолар ва уларни ечими бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, барча иштирокчилар учун тадбир якунида Фармон билан яратилган имкониятлар ҳозирда ушбу Фармон доирасида маҳсулотларни қайта ишлаб экспорт қилаётган “ART SOFT TEX” қўшма корхонаси мисолида реал ҳолатда кўрсатиб берилиб, корхонага ушбу режимдан фойдаланиш юзасидан аниқ тавсия ва таклифлар берилди.
Ўзаро жонли мулоқотларга бой тарзда ўтган медиа тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофилача жавоблар олишди. Ташкил этилган бу каби медиа турларда журналистлар энг аввало мавзунинг ичига кириб бориш ва ҳар бир детални пухта ўрганиш имконига эга бўлдилар.
28.07.2022
16:08