B2B учрашувлари – тадбиркор хотин-қизлар учун улкан иқтисодий имкониятлар эшикларини очди
2022 йилнинг 19 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган ШҲТнинг навбатдаги Хотин-қизлар форуми доирасида тадбиркор аёлларнинг B2B учрашувлари ташкил этилди.
Унда ШҲТга аъзо давлатлардан жами 100 нафардан зиёд тадбиркор хотин-қизлар иштирок этди. Форум доирасида илк бор ташкил этилган янги форматдаги амалий мулоқот ШҲТга аъзо мамлакатлар тадбиркор аёлларига ўз бизнеслари кўламини янада кенгайтириш, янги хорижий ҳамкорларни топишга, тадбиркорлик соҳасида ўзаро тажриба алмашиб, янги кўникмаларни ўзлаштиришида муҳим платформа бўлди.
Албатта, бу каби бизнес муҳокамалар нафақат тадбиркорлик субъектларига, балки давлат ва жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, аҳоли бандлигини таъминлашга, экспорт ҳажмини ортишига ҳамда янги инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.
Ўз навбатида, B2B учрашувлари натижасида 35 та экспорт ва импорт шартномалари тузилди. Уларнинг қиймати 100 млн долларни ташкил этди. Шу билан бирга 35 млн долларлик меморандум имзоланди.
Кооперация ва инвестиция алоқаларини ўрнатишга қаратилган B2B учрашувлари ҳақиқий маънода “бизнес бизнес учун” тамойилининг амалдаги ифодасини таъминлашга хизмат қилди.
Учрашув ва муҳокамалар якуни бўйича тадбиркор аёллар мунтазам равишда ўзаро ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишга келишиб олдилар.
22.08.2022
11:17