Тадбиркорлик кодекси яна муҳокама учун жойлаштирилди
Адлия вазирлиги томонидан Тадбиркорлик кодексининг янгиланган лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Кодекснинг мақсади – тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Унинг асосий вазифалари жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, хусусий мулк, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Кодекс бизнесни ташкил этишдан бошлаб уни тугатишгача бўлган барча жараёнларни тартибга солишга қаратилган амалдаги 9 та қонун, 2 та қонун лойиҳаси ҳамда 10 дан ортиқ қонун ости ҳужжатларини бирлаштирган. Кодекс лойиҳаси 8 та бўлим, 34 та боб ва 385 та моддадан иборат.
Тадбиркорлик субъектлари ходимларининг ўртача йиллик сони ва товар (иш, хизмат)ларни реализация қилиш бўйича ўртача йиллик айланма миқдорига қараб учта тоифага ажратилмоқда. Шунингдек, Кодекс тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари базасини ихчамлаштириш, “хўжалик ширкати” ташкилий-ҳуқуқий шаклини бекор қилишни назарда тутади.
Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турлари белгиланди.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола Абдуазимова.
Подробнее: https://www.norma.uz/uz/nhh_loyihalari/tadbirkorlik_kodeksi_yana_muhokama_uchun_joylashtirildi
06.09.2022
12:01