"Шундай ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, бунда ишончли ҳуқуқий базани яратиб, уни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида аҳамият касб этади" — Ислом Жасимов
Жорий йил 7 сентябр куни бўлиб ўтган “Тадбиркорлик кодекси – тадбиркорлар манфаати учун” мавзусидаги халқаро конференцияда Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов сўзга чиқиб, бугунги кунда тадбиркорларга катта эътибор қаратилаётганлиги, соҳада кўплаб ислоҳотлар амалга оширилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтди.
“Республикамизда жорий йилнинг 22 август кунида илк бор “Тадбиркорлар куни” байрами нишонланганлиги, Давлатимиз Раҳбарининг ҳар йили тадбиркорлар билан “очиқ мулоқоти” йўлга қўйилганлиги, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони таъсис этилганлиги ҳамда бизнесдаги муваффақиятлари ва ижтимоий фаоллиги билан барчага намуна бўлаётган тадбиркорлар орасидан 100 нафари ушбу кўкрак нишони билан тақдирланганлиги қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, буларнинг барчаси мамлакатимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шундай ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, бунда ишончли ҳуқуқий базани яратиб, уни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Бугунги Халқаро конференцияда кўраётган масаламиз – Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси муҳокамаси ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади.
Қайд этиш лозимки, лойиҳа Савдо-саноат палатасининг ҳуқуқий масалалар бўйича Экспертлар кенгаши йиғилишларида икки марта (26.10.2021 йилдаги ва 29.10.2021 йилдаги йиғилишлар) муҳокама қилинди.
Унда 1,5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, ўз таклифларини билдирди.
Билдирилган таклифлар умумлаштирилган ҳолда, Палатанинг 07.11.2021 йилдаги 693нхх-сонли Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди.
Хулосада 60 дан ортиқ таклифлар билдирилган бўлиб, лойиҳада ушбу таклифлардан 30 дан ортиғи инобатга олинди.
Шу ўринда яна бир масалани алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли. Жорий йилнинг 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти доирасида давлат раҳбари соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан ташаббусларни билдирди.
Шулардан бири – корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувни белгилашдир.
Бунда, бизнес тоифаларга, яъни микро, кичик, ўрта ва йирик бизнесга бўлинадиган бўлди ва тоифасига қараб давлат уни қўллаб-қувватлайди.
Нима мақсадда? Мақсад шуки – биз шу кунгача тоифасига қарамасдан умумий қўллаб-қувватлаш чораларини кўрардик, бундай чоралардан эса асосан, йирик корхоналар фойдаланарди. Бу кичик бизнесга етиб бормасди.
Эндиликда, ҳар бир тоифага алоҳида-алоҳида чора-тадбирлар қўлланилади. Бунда, микро бизнесга қўлланилган чора-тадбирлар кичик бизнесга қўлланилмайди ёки аксинча.
Яъни, бунда тадбиркорларга давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам тоифаланади. Шундагина, микро бизнес вакили кичик бизнесга айланади, кичик бизнес ўртага, ўрта бизнес эса йирик бизнесга ўтади.
Ушбу масалани таҳлил қилиш мақсадида биз 70 дан ортиқ мамлакатнинг халқаро тажрибасини ўргандик. Ҳамма давлатларда шу каби тоифаларга бўлинган.
Яъни, бундан кўринадики, тадбиркорларни тоифаларга бўлиш уларни қўллаб-қувватлаш, давлат томонидан уларга ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис, ушбу масалани лойиҳада назарда тутиш, бунда тадбиркорларни тоифаларга ажратиш мезонларини аниқ белгилаш зарур.
Қолаверса, лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказилган “очиқ мулоқоти” доирасида берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, яна бойитишимиз керак.
Шу билан бирга, юқоридагиларга қўшимча равишда қуйидаги таклифларни ҳам билдирмоқчиман:
биринчи масала шуки, лойиҳа тадбиркорлик соҳасида асосий тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Шу боис, унда тадбиркорлик соҳасида қўлланиладиган асосий тушунчаларга тушунтириш ва таъриф бериш зарурдир.
Мисол учун, ҳозирги лойиҳада “тадбиркорлик фаолияти” “хусусий тадбиркорлик”, “қўшма корхона”“хорижий корхона”, “чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона”, “кластер”, “холдинг”
Шу сабабли, лойиҳада мазкур тушунчаларга таъриф бериш, уларнинг ҳуқуқий мақоми, фаолият юритиши билан боғлиқ нормаларни назарда тутиш лозим.
иккинчи масала: маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 707-сонли қарорига асосан якка тартибдаги тадбиркор 5 нафардан ортиқ ходимни ишга қабул қилиши мумкин.
Бироқ, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда якка тартибдаги тадбиркорлар амалдаги тартибга кўра кўпроқ ходимни ишга қабул қилганда беш нафардан ортиқ ходимни норасмий равишда қабул қилишга олиб келмоқда.
Хориж тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, АҚШ, Грузия каби давлатларда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходим олишлари учун чеклов мавжуд эмас.
Россия Федерациясида эса, солиқ солишнинг тизимига қараб, якка тартибдаги тадбиркорлар 300 нафаргача ходимларни ишга қабул қилишлари мумкин.
Қозоғистон Республикасида эса якка тартибдаги тадбиркорларга 30 нафаргача ходим олиш имконияти берилган.
Ушбулардан келиб чиқиб, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ишга қабул қилиш бўйича ходимлар сонига қўйилган 5 нафаргача бўлган чекловни 30 нафаргача оширишни лойиҳада назарда тутиш таклиф этилади.
учинчи масала эса: лойиҳада ҳунармадчилик фаолиятига оид нормаларни ҳам алоҳида боб шаклида белгилаш лозим.
Чунки, бугунги кунда ушбу соҳадаги ислоҳотлар ва ўсиш суратлари бунга зарурат туғдирмоқда.
Яқин ўтган даврда ҳунармадчилик соҳасида 10 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, соҳада катта ишлар амалга оширилди.
Биргина ҳунармандлар сонининг 2018 йилдаги 7 мингдан ҳозирги кунда 42 мингтагача етганинининг ўзи ушбу соҳанинг қанчалик ривожланаётганлигин аниқ кўрсатиб турибди.
Бундай ҳолатда улар учун ҳам ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва ягона ҳужжатда бирлаштириш муҳим вазифа ҳисобланади.
Шу боис, лойиҳада ҳунармадчилик фаолиятига оид нормаларни ҳам алоҳида киритилишини таклиф қиламан" - деб маърузага якун ясадилар.
08.09.2022
11:14