Президентнинг тадбиркорлар билан ўтказилган “Очиқ мулоқоти” бўйича божхона соҳасидаги масалалар муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2022 йил 22 август куни ўтказилган “Очиқ мулоқот” учрашуви республикамизда тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун янги имкониятларни очиб бериш ҳамда маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг жаҳон бозорларига чиқишлари учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган қатор масалалар, ташаббус ва такифларни илгари суриш имконини берди.
Шу билан бирга иқтисодиётимизнинг турли тармоқлари ва йўналишларида тадбиркорликни олиб боришдаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш борасида бир қатор таклифларни ишлаб чиқишга замин яратди.
Мазкур “Очиқ мулоқот” якуни бўйича қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 30 августдаги ПҚ-364-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 22-бандига мувофиқ тадбиркорлар учун божхона соҳасида ҳам амалдаги тартиб-тамойилларни янада соддалаштириш, айниқса, божхона ҳудудида қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш асосида четдан хом-ашё, материал, ярим тайёр маҳсулотларни олиб кириб, қайта ишлаган ҳолда экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтириш белгилаб берилди.
Шу муносабат билан 2022 йил 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда айнан божхона ҳудудида қайта ишлаш режимини янада соддалаштириш ва бу борада чет элдан қайта ишлаш учун олиб кириладиган хом-ашё, материаллар ва ярим тайёр маҳсулотларни ушбу режимга жойлаштирган ҳолда қайта ишлаб, хорижий бозорларга реэкспорт қилиш борасида қулайликларни яратиш бўйича ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан онлайн тарзда барча ҳудудий божхона бошқармалари иштирокида амалий учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбирга Савдо-саноат палатаси томонидан 50 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари таклиф этилди. Шунингдек, вилоят студияларидан учрашувда 150 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этдилар.
Тадбирда Давлат божхона қўмитасининг мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-115-сонли Фармонида товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштириш тартиботларини амалда қўллаш шарт-шароитлари ҳамда бу янги тартибот орқали экспорт салоҳиятини оширишдаги имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтилди.
Учрашув давомида “Global Export Company” МЧЖ, “Food Agro” МЧЖ, “Oltin Tegirmon” МЧЖ, “Ravshan Yodik Production” МЧЖ, “Max Invest” МЧЖ, “Daurjon Shodiyor” МЧЖ вакиллари ва бошқа тадбиркорлар томонидан божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида хом-ашё ва товарларни олиб келиш, рухсат олиш ва уларни реэкспорт қилиш жараёнида юзага келаётган муаммолар ҳамда божхона тартиб-таомилларига оид бошқа масалалар бўйича ўз фикрларини билдирдилар ҳамда товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштиришнинг афзалликларини янада ошириш ва бунда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулайликлар яратишга қаратилган бир қатор таклифларни илгари сурдилар.
Тадбир якунида бўлиб ўтган муҳокама ва тадбиркорларнинг билдирган таклифларини ҳам ўрганиб чиққан ҳолда божхона ҳудудида қайта ишлаш режимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси томонидан амалдаги қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилиши маълум қилинди.
ССП Матбуот хизмати
15.09.2022
16:01