Президентнинг тадбиркорлар билан ўтказган “Очиқ мулоқоти” бўйича транспорт соҳасидаги масалалар муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2022 йил 22 август куни ўтказилган “Очиқ мулоқот” учрашуви якуни бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 30 августдаги ПҚ-364-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 24-бандига мувофиқ хорижга юк ташиш учун рухсатномаларни олиш ва фойдаланиш бўйича очиқ-ошкора тизимни жорий этиш кўзда тутилган.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида республикамизда халқаро юк ташувларни амалга оширувчи транспорт компаниялари вакиллари иштирокида хорижга юкларни ташишда рухсатномалар олиш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.
Учрашувда хорижий давлатларга юкларни ташиш борасида давлатлараро ҳамкорлик масалалари, маҳаллий транспорт ташувчиларга юкларни ташиш учун рухсатномаларни беришнинг жорий тизими ва бунда ташиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига яратиб берилган қулайликлар ҳамда хорижга юк ташиш учун рухсатномалардан самарали фойдаланишнинг ҳолати ҳамда ундаги мавжуд муаммолар тўғрисида атрофлича фикр алмашилди.
Муҳокама давомида “EURO-AUTO-PARTS” МЧЖ, “INCOME SKY” МЧЖ, “NARGIZ-J” Хусусий корхонаси, “YAHYO LOGISTIK” МЧЖ, “ZARI LAGIST” МЧЖ, “TRIUMPH LOGISTICS GROUP” МЧЖ, “EURO ASIA LOGISTIC” МЧЖ ва “DIRECT TRANS SERVICE” МЧЖ транспорт компанияларининг раҳбарлари томонидан хорижга юкларни ташиш учун рухсатномалар бериш ва улардан фойдаланишнинг амалдаги тартибини такомиллаштириш борасида ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар.
Учрашув якунида мазкур масала бўйича маҳаллий транспорт компаниялари билан очиқ мулоқотни ўтказишни Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда давом эттиришга келишиб олинди.
16.09.2022
20:02