Тошкентда Ўзбекистон-Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 3 октябрь куни Япония Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирининг (ЕИТТМ) парламентдаги ўринбосари Хирофуми Ханаока раҳбарлигидаги япон делегациясининг ташрифи доирасида икки давлатнинг вазирликлари ва идоралари, шунингдек ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида «Шаҳарнинг юқори технологик инфратузилмаси» мавзуидаги Ўзбекистон-Япония конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад – Ўзбекистон ва Япония корхоналари ўртасида алоқалар ўрнатилишини қўллаб-қувватлаш, япониялик компанияларнинг Ўзбекистонда бизнес юритиш бўйича тажрибалари тақдимоти, шу билан бирга, янги инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини ўрганишдан иборат.
Мазкур тадбир доирасида инфратузилма, корпоратив бошқарув, муқобил энергетика, савдо, банк иши каби соҳаларни ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар бўйича ўзбекистонлик ва япониялик вакилларнинг маърузалари тингланди.
Шунингдек, ушбу тадбир доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган кооперация биржаси ишбилармон ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб қилишга қўшимча хизмат вазифасини ўтайди. Ишбилармон учрашув чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш керакки, тадбирда транспорт, ахборот-коммуникация ва шаҳар инфратузилмаси соҳаларига оид лойиҳаларни амалга ошириш билан банд бўлган 24 та етакчи Япония компаниялар, Ўзбекистон томонидан конференцияда транспорт, логистика, АКТ, қурилиш ва электротехника соҳаларида фаолият юритиб келаётган компаниялар иштирок этдилар.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик
1999 йилдан буён Ўзбекистон Республикасида фаолият юритиб келаётган Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Япония ташқи савдо ташкилоти, шунингдек, Ўзбекистон-Япония маркази беминнат ва техник лойиҳаларни амалга ошириш, томонларнинг ишбилармон ва ижтимоий доиралари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш каби масалаларда кўмак кўрсатиб келмоқда.
2015 йил давомида икки томонлама маҳсулот айланмаси 253,5 млн. АҚШ долларни, жумладан, экспорт – 8,5 млн. АҚШ долларни, импорт эса – 245,3 млн. АҚШ долларни ташкил этди.
Айтиш керакки, иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Япония ва Япония-Ўзбекистон қўмиталари савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда ката аҳамият касб этади. Мазкур қўмиталарнинг 12- қўшма мажлиси 2015 йилнинг 27 январь куни Токио шаҳрида ўтказилган бўлиб, унинг якунлари бўйича умумий қиймати 3,8 млрд. АҚШ долларга тенг инвестициявий, кредит битимлар, техник кўмак лойиҳаларидан иборат йирик пакет имзоланган. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг Японияга расмий ташрифи чоғида (2011 йил 8-10 февраль) Қўшма баёнот ва 25 та ҳужжат, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликка оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар имзоланган.
2015 йилнинг 24-26 октябрь кунлари Япония бош вазири Ш.Абенинг давлатимизга расмий ташрифи давомида Қўшма баёнот, Ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик дастури, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий ва молиявий-техник ҳамкорлик соҳасига доир қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича умумий қиймати 8,5 млрд. АҚШ доллардан зиёд бўган 21 та ҳужжат имзоланган.
ЎзССП Матбуот хизмати
03.10.2016
14:43