Германиянинг яна бир йирик бренди Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатди
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов бошчилигидаги делегация бош-қароргоҳи Шимолий Саксониянинг Брауншвейг шаҳрида жойлашган “New Yorker Group” компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси иштирокида ташкил этилган учрашув аввалида, германиялик ҳамкорлар томонидан компания тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Таъкидланганидек, “New Yorker Group” 1971 йил ташкил топган. 3 млрд евро савдо айланмасига эга. Ҳозирда компаниянинг дунёнинг 47 мамлакатидаги 1150 дан ортиқ савдо нуқталари мавжуд бўлиб, унда 23 мингдан зиёд одам ишлайди. МДҲ мамлакатларида немис брендини 150 га яқин савдо нуқталари мавжуд. Ушбу компания Германиянинг энг тез ривожланаётган кийим-кечак брендларидан ҳисобланади. Кенг кўламли экспанция сиёсати натижасида, йилига 100 га яқин янги филиаллар ташкил қилинмоқда.
“New Yorker” бренди остида асосан 12-40 ёшдаги эркак ва аёллар учун деярли барча турдаги кийим-кечак ва аксессуарлар ишлаб чиқарилади. Бевосита ишлаб чиқариш, компания буюртмаси ва дизайнига кўра асосан Бангладеш, Хитой ва Туркияда амалга оширилади.
Музокаралар давомида, немис бренди ишлаб чиқариш занжирига маҳаллий корхоналаримизни қўшиш имкониятлари ҳамда компания бренд дўконларини Ўзбекистонда ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди. Учрашувда иштирок этган мамлакатимиз корхоналари вакиллари немис компанияси экспертларига ўз маҳсулотларини тақдим қилдилар ва ўз ишлаб чиқариш имкониятлари намойиш этдилар.
Музокаралар якунида, “New Yorker” бренди билан 2,3 млн евролик илк шартнома ҳамда 2023 йилда амалга ошириш режалаштирилган 30 млн евролик буюртма бўйича дастлабки келишувга эришилди. Ушбу ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш ҳамда мамлакатимизнинг тўқимачилик соҳасидаги салоҳияти ва маҳаллий корхоналаримизнинг имкониятлари билан жойида танишиш мақсадида, “New Yorker” делегациясини жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишга келишиб олинди.
CCП Матбуот хизмати
26.09.2022
09:15