Тошкент шаҳрида Халқаро иқтисодий форум бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 5 октябр куни Тошкент шаҳрида Дзюдо Жаҳон Чемпионати доирасида Халқаро иқтисодий форум бўлиб ўтди.
Форумнинг расмий очилишини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер кириш сўзи билан очди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Абидов, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов ва бошқа вазирлик вакиллари ҳамда идора раҳбарлари иштирок этди.
Ислом Жасимов ўз чиқишида форум иштирокчиларини асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар, инвестиция муҳитини яхшилаш ва хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништириб, бир неча йил давомида Ўзбекистон катта муваффақиятга эришганини ва қатор халқаро иқтисодий рейтингларда ўз мавқеини сифат жиҳатидан яхшилаганини таъкидлади.
Шунингдек, меҳмонларни Палата фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлигини ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси айнан шундай ташкилотлардан бири эканлигини таъкидладилар. Бундан ташқари, ССП бир йилда Палата аъзолари манфаатида 300-400 мингга яқин даъво аризалар судга киритишини ҳамда ССП вакиллари тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларда иштирок этиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Чиқиш сўзларининг якунида бугунги Халқаро иқтисодий форум мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда яна бир имконият бўлишига умид билдирди.
Халқаро иқтисодий форум доирасида панел сессия ҳамда хорижий ва маҳаллий ишбилармон доиралари вакиллари учун B2B ва B2G форматидаги учрашувлар ташкил этилди.
CCП матбуот хизмати
05.10.2022
17:41