Палата томонидан яна бир тадбиркорнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига унинг аъзоси “ALI ODIL BARAKA” МЧЖ мурожаат қилиб, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраган.
“ALI ODIL BARAKA” МЧЖ мурожаати ўрганиб чиқилганда, жамият ва Учтепа тумани Мактабгача таълим бўлими ўртасида пудрат шартномалари имзоланганлиги, бироқ, давлат муассаси томонидан шартнома бўйича мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаганлиги натижасида жамият олдида 1,8 млрд сўмга яқин қарздорлик вужудга келганлиги аниқланди.
Ушбу қарздорликни ундириш юзасидан вужудга келган низоли масалани ўзаро тинч йўл билан ҳал этиш мақсадида, Палата томонидан тарафлар ўртасида судгача низони ҳал этиш жараёни ўтказилган. Бироқ, низони ўзаро келишиш орқали ҳал этиш имкони бўлмаганлиги сабабли, Палата томонидан ўз аъзоси манфаатида тегишли судга даъво аризаси билан мурожаат қилинган.
Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан иш мазмунан кўриб чиқилиб, Палатанинг даъво талабларини қаноатлантириш ва Учтепа тумани Мактабгача таълим бўлими ҳисобидан жамият фойдасига қарздорлик суммасини ундириб бериш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ва шу орқали Палата аъзосининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган.
14.10.2022
18:18