Малайзия технологик ривожланиш корпорацияси бош директори билан учрашув
Жорий йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов Малайзия технологик ривожланиш корпорацияси (Malaysian Technology Development Corporation – MTDC) бош директори Норхалим Юнус ва Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан билан учрашди.
Ушбу учрашув уларнинг 15-24-октябрь кунлари мамлакатимизга республиканинг илмий-тадқиқот соҳасида фаолият юритувчи давлат муассасаларига молиявий-техник кўмак учун маблағлар ажратиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадидаги ташрифи доирасида ташкил этилди.
MTDC 1994 йилда саноат соҳаси учун инновацион технологик ечимларни (know-how) ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ушбу йўналишдаги илмий лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда давлат органлари, шу жумладан хорижий давлатлар вакиллари учун махсус тренинглар ва семинарлар ўтказиш мақсадида ташкил этилган.
Суҳбат давомида мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама бизнесни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, жорий йилнинг 19-21 октябрь кунлари Тошкентдаги Халқаро бизнес марказда “Микро, кичик ва ўрта корхоналарда Индустрия 4.0 технологиясини жорий этишни жадаллаштириш” мавзусида бўлиб ўтадиган 3 кунлик семинарни ташкил этишда Палатанинг ёрдами учун жаноб Норхалим Юнус ўз миннатдорчилигини билдирди.
ССП матбуот хизмати
18.10.2022
13:07