Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни
Жорий йилнинг 27 октябр куни Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси томонидан Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида "Германия иқтисодиёти куни" конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирни Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Ховсеп Восканян, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Елчиси Тилло Клиннер, Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов кириш сўзи билан очди.
Тадбирда Германия ва Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятининг 100 дан ортиқ вакиллари, инвесторлар, шунингдек, Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ва мутахассислари қатнашдилар.
Конференцияни ўтказишдан мақсад ишбилармонлик алоқаларини янада кенгайтириш, икки томонлама савдони ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва ташаббусларини илгари суриш истиқболлари ва имкониятларини аниқлаш, умуман, ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдир.
Конференция дастурига "Aгросаноат сектори", "Тоғ-кон саноати ва металлургия" ва "Кимё саноати" каби энг истиқболли тармоқлар бўйича маърузалар ва тақдимотлар киритилди. Минтақада иш олиб бораётган немис компаниялари ўз фаолияти ҳақида батафсил маълумот беришди ва тегишли соҳаларда тажриба алмашишди.
Конференсия доирасида B2B ва B2G форматидаги музокаралар ва учрашувлар ҳам бўлиб ўтди, унда ҳар икки мамлакат сиёсий ва ишбилармон доиралари вакиллари ҳамкорлик имкониятлари ва истиқболларини муҳокама қилишди.
28.10.2022
10:52