ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Бош вазир Aбдулла Aрипов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, шу қаторда Ўзбекстон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг видеоконференцалоқа форматидаги мажлисида иштирок этди.
Йиғилишга Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян раислик қилди. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон ҳукумат раҳбарлари, Ҳиндистон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари, кузатувчи мақомидаги давлатлар - Беларусь, Эрон ва Мўғулистон Бош вазирлари ҳамда фахрий меҳмон сифатида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари иштирок этди.
Учрашувда ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳукумат раҳбарлари жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити якунлари ижроси юзасидан атрофлича фикр алмашди.
ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда, жумладан, ташкилот фаолиятини ҳозирги босқичда такомиллаштириш нуқтаи назаридан ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда ШҲТ Бош котиби, ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори ҳам иштирок этди.
Учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнот ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланди.
Келгуси йилда Қирғиз Республикаси ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгашига раислик қилади.
02.11.2022
09:43