Жаҳон банки вакиллари билан учрашув
Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Жаҳон банкининг бош иқтисодчилари, Лойиҳа раҳбарлари Кордула Растоги ва Даниэль Саславский бошчилигидаги вакиллари билан республикамизда савдо, транзит ва таъминот занжирларини ривожлантириш масалаларида учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида республикамиз иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳиятини ошириш, экспортни қўллаб-қувватлаш ҳамда ташқи савдо операцияларини янада эркинлаштириш, транспорт коридорлари, транзит салоҳиятини ошириш ҳамда электрон тижоратни ривожлантириш масалаларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, Жаҳон банки вакилларига тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес субъектларига бизнесни юритишда кенг имкониятлар яратиш ҳамда Ўзбекистонда бизнес муҳитни яхшилаш борасида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ёритиб берилди.
Айниқса, республикамизда экспортни қўллаб-қувватлаш, ташқи бозорларга маҳаллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш ҳамда маҳсулотлар рақобатқодирлигини ошириш борасида яратилган имкониятлар тўғрисида маълумот берилди.
Шу билан бирга Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишда транспорт коридорларининг аҳамияти, бунда учинчи давлатлардан юкларни транзит ташиш имкониятлари ҳамда бу борадаги мавжуд тўсиқ ва муаммолар ҳақида фикр алмашилди.
Жаҳон банки вакиллари келгусида Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистоннинг экспорт ва савдо имкониятларини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишларини таъкидлаб ўтдилар.
Учрашув якунида Жаҳон банки вакиллари томонидан келгусида ҳам Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда яқиндан мулоқот қилиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишдан манфаатор эканликлари маълум қилинди.
ССП матбуот хизмати
11.11.2022
18:01