“Retail Central Asiа” халқаро ПЛАС-форуми ўз ишини бошлади
Жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларида электрон тижорат ва чакана савдонинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларига бағишланган “Retail Central Asia” халқаро ПЛАС-форуми бўлиб ўтмоқда.
Форум Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда “IT Park” технопарки кўмагида ўтказилмоқда.
ПЛАС-Форумда Ўзбекистон Республикаси Ахборот коммуникациялари вазирлиги, Узбекистон Савдо-саноат палатаси, халқаро экспертлар ва Ўзбекистон компанияларининг ТОП спикерлари: Design Thinkers, Senteo incorporated, Magnum, UZUM, Bellstore, Макро, Korzinka, Bi1, Maydala, NielsenIQ, OLCHA STORE, Data Insight, SNRG GROUP, Узбекистон почтасы, Ishonch, Л’Этуаль, «Верный», AliExpress ва бошқалар иштирок этади.
“Retail Central Asia” форумининг мақсади – МДҲ мамлакатлари, Марказий Осиё ва чет эл давлатларида чакана савдо ва онлайн савдонинг бугунги ҳолати, Марказий Осиё бозорларига чиқиш прогнозлари ва истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда инновациялар, чакана савдо, электрон тижорат ва халқаро лойиҳалар ривожланишига янгича туртки беришдан иборат.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат масалалари бўйича биринчи ўринбосари Олег Пекос кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбирда IT компаниялар билан ҳамкорлик истиқболлари, ритейлдаги тўлов воситалари, янги тренд ва ечимлар, ритейлда рақамли трансформациянинг афзалликлари, шунингдек, тармоқли ва маҳаллий чакана савдо масалалари муҳокама қилинди.
ПЛАС-Форум “Retail Central Asia” самарали бизнес ҳамкорликни йўлга қўйиш, хорижий бозорлар билан ишлаш бўйича амалий тажриба алмашиш, шунингдек, бизнесни ривожлантиришда энг яхши ечимларни топиш учун яхши имкониятдир.
ССП матбуот хизмати
15.11.2022
11:58