Ўзбекистон делегацияси Амирлик ҳукуматининг Дубай “Раҳала” дастури доирасида ўтказилган Бизнес семинарда иштирок этди
Жорий йилнинг 7 декабр куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Д.Ваҳобовнинг БААга ташрифи доирасида Ўзбекистон делегацияси Амирлик ҳукуматининг Дубай “Раҳала” дастури доирасида ўтказилган Бизнес семинарда иштирок этди.
Тадбир Дубай Савдо-саноат палатасида ташкил этилган бўлиб, Амирлик ишбилармон доиралари учун Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистоннинг сармоявий ва савдо салоҳиятини очишга қаратилган.
Семинарда 80 дан ортиқ Амирлик компаниялари иштирок этиб, уларга Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Семинар доирасида Эроннинг Бандер-Аббас денгиз порти орқали Ўзбекистондан БАА бозорига маҳсулот олиб кириш муаммолари, шунингдек, Ўзбекистон маҳсулотларини БАА, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорларига етказиб беришнинг муқобил вариантлари алоҳида муҳокама қилинди.
Амирлик компаниялари ҳам ўз маҳсулотларини МДҲ бозорларига етказиб бериш (реэкспорт)ни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қизиқиш билдирди.
Бундан ташқари, Дубай ССП раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди ва 2023-йил январь ойининг биринчи ярмида БААда фармацевтика, қурилиш, яшил энергетика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, электротехника ва бошқа соҳалардаги ўзбек компаниялари билан ҳамкорлик биржасини (B2B форматида) ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
ССП матбуот хизмати
09.12.2022
09:29